Жаҳон | 08:30
574
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Польшага яна 5 минг ҳарбий жўнатади — Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Польшага қўшимча 5 минг америкалик ҳарбий юборилишини маълум қилди. У бу қарорни Польша президенти Кароль Навроцкий билан яхши муносабатлар ва унинг сайловдаги ғалабаси билан изоҳлади.

Фото: REUTERS

Трамп 22 майга ўтар кечаси Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида: “Ҳозирги Польша президенти Кароль Навроцкийнинг муваффақиятли сайланиши ҳамда у билан муносабатларимизни инобатга олган ҳолда, АҚШ Польшага қўшимча 5 минг ҳарбий хизматчи юбораётганини мамнуният билан маълум қиламан”, — деб ёзди.

Бироқ у гап мутлақо янги контингент ҳақида кетяптими ёки аввал Польшага юборилиши режалаштирилган, аммо 13 май куни бекор қилинган 4 минг кишилик 2-бронетанк бригадаси ҳақидами — буни аниқлаштирмади.

The Wall Street Journal ва Defence News нашрлари 13 май куни Пентагон Польшага 4 минг аскар юбориш режасини тўхтатганини хабар қилган эди. Нашрларга кўра, бу қарор Трампнинг Европадаги АҚШ ҳарбий контингентини қисқартириш режаси доирасида қабул қилинган.

Politico манбасига кўра, Польша ҳарбийлари бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали билиб қолгани учун норози бўлган.

Аввалроқ Вашингтон Германиядан ҳам 5 минг америкалик ҳарбийни олиб чиқишини маълум қилган эди. Бу қарор Германия канцлери Фридрих Мерцнинг АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушига танқидий муносабат билдирганидан кейин эълон қилинган.

17 май ҳолатига кўра, Польша АҚШ қўшинлари сони қисқариши мумкинлигига тайёргарлик кўраётгани айтилган. Польша Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Веслав Кукула атрофидаги манбага кўра, Варшава бу ҳақда хабардор бўлиб, вазиятни ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.

Шунга қарамай, Польша мудофаа вазири Владислав Козиняк-Камиш мамлакатдаги америкалик ҳарбийлар сони қисқармаслигини таъкидлаб, аксинча, улар сонини ошириш бўйича ишлар давом этаётганини айтган.

Маълумотларга кўра, май ойи ўрталарида Польшада тахминан 7400 нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлаштирилган. Сўнгги йилларда АҚШ Европада умумий ҳисобда 100 мингга яқин ҳарбийни дислокация қилган бўлиб, уларнинг 65 мингдан ортиғи доимий асосда хизмат қилмоқда.

19 май куни Пентагон Европа ҳудудидаги тўртта жанговар бригададан бирини чиқариб кетишини маълум қилди. Бу қарор АҚШнинг минтақадаги ҳарбийлари сонини 2021 йил даражасига туширади.

НАТОнинг Европадаги Қўшма қуролли кучлари қўмондони, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-лейтенанти Алексус Гринкевич эса америкалик ҳарбийларнинг қисқартирилиши НАТОнинг Европа мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш режаларига таъсир қилмаслигини айтди.

Унинг фикрича, Европа давлатлари ўз ҳарбий салоҳиятини ошириши ортидан келажакда АҚШ қўшинлари дунёнинг бошқа минтақаларига кўчирилиши мумкин.

Шунингдек, 2026 йил бошида АҚШ Конгресси Пентагон бюджети доирасида Европа ҳудудидаги америкалик ҳарбийлар сонини 76 минг нафардан камайтиришни чекловчи қоидаларни тасдиқлаган. Унга кўра, Пентагон раҳбари ва Европа қўмондонлиги Конгрессга алоҳида ҳисобот тақдим этмагунча, қўшинларни кескин қисқартириш мумкин эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид