Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ мамлакат ичидаги чет элликлардан Green Card аризалари қабул қилишни чеклайди
Янги қоидалар бўйича Америкада вақтинча юрган чет эл фуқаролари Green Card’га мурожаат қилиш орқали мақомини мамлакат ичида ўзгартира олмайди. Ушбу ёндашув иммиграция қонунчилигининг дастлабки мақсадларига мос келиши ҳамда тизимдаги бўшлиқлардан фойдаланиш ҳолатларини қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланяпти.
Фото: todayifoundout.com
АҚШ Иммиграция ва фуқаролик хизмати (USCIS) доимий яшаш гувоҳномаси олишни хоҳловчи чет элликлар учун янги қоидалар жорий қиляпти. Бундан кейин Қўшма Штатларда вақтинча юрган чет эл фуқаролари Green Card’га мурожаат қилиш учун мақомини мамлакат ичида ўзгартира олмайди.
Мамлакатга ноиммиграцион визалар билан келган чет элликлар фақат “истисно ҳолатларда” яшаш учун рухсатнома олишлари мумкин бўлади. Янги ёндашув иммиграция қонунчилигининг дастлабки мақсадларига мос келиши ҳамда мавжуд тизимдаги бўшлиқлардан фойдаланиш ҳолатларини қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланяпти.
“Биз чет элликларнинг мамлакатимиз иммиграция тизимида тўғри ҳаракатланишини таъминлаш учун қонуннинг асл моҳиятига қайтмоқдамиз. Бундан буён АҚШда вақтинча истиқомат қилаётган ва Green Card олмоқчи бўлган чет эл фуқароси ариза топшириш учун ўз ватанига қайтиши шарт. Ушбу сиёсат иммиграция тизимимизга қонундаги бўшлиқларни рағбатлантириш ўрнига, унинг асл мақсадига мувофиқ ишлаш имконини беради. Чет элликлар ўз ватанидан туриб ариза топширса, яшаш ҳуқуқи рад этилгач, ноқонуний яшириниб қолишга қарор қилганларни топиш ва мамлакатдан чиқариб юбориш зарурати камаяди”, — деди USCIS матбуот котиби Зак Каҳлер.
Мазкур тартиб USCIS ресурсларини одам савдоси қурбонлари, фуқаролик олиш аризалари ва бошқа устувор вазифаларга йўналтириш ҳамда тизимни адолатлироқ ва самаралироқ қилишга ёрдам бериши кутилмоқда, дейилади баёнотда.
Аввалроқ, АҚШ Green Card бўйича янги шартларни эълон қилганди. Асосий талаблар: амалдаги хорижга чиқиш паспортининг мавжудлиги ва паспорт сканерини юклаш. Шунингдек, рўйхатдан ўтиш учун 1 доллар тўлов. Қоидалар 2026 йил 11 апрелдан кучга кирди.
Мавзуга оид
11:58
Пентагон НУЖларга оид ҳужжатларнинг навбатдаги қисмини эълон қилди
10:04 / 23.05.2026
АҚШ Миллий разведкаси раҳбари истеъфога чиқди
23:05 / 22.05.2026
Рубио АҚШнинг Россия ва Украина билан музокаралари боши берк кўчага кириб қолганини айтди
20:13 / 22.05.2026