Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖССТ Конгода Эбола эпидемияси назоратдан чиқиб кетгани ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Конго Демократик Республикаси ва Угандада Эбола эпидемияси шифокорлар ҳаракатларига нисбатан тезроқ ривожланаётганини айтди.
Фото: Seros Muyisa/AFP/Getty Images
Reuters хабарига кўра, Африка Иттифоқининг онлайн йиғилишида сўзлаган нутқида у эпидемия бошланганидан бери 220 киши ҳалок бўлганини маълум қилди ва вазият яхшиланишдан олдин ёмонлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Гебрейесус сўзларига кўра, инфекция ҳолатларининг кечикиб аниқланиши мутахассисларни хавотирга солди. Эпидемиянинг беқарор Итури ва Шимолий Киву вилоятларини қамраб олгани ва Бундибугё штаммига қарши тасдиқланган вакциналар йўқлиги эпидемияни жиловлашни янада қийинлаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, Конгонинг бошқа қўшни давлатлари юқори хавф остида ва зудлик билан чора кўриши керак.
Итури провинциясида тиббиёт муассасаларига ҳужумлар ва беморларнинг оммавий қочиши кузатилмоқда. 23 май куни номаълум шахслар Монгвалдаги шифохона қошидаги «Чегара билмас шифокорлар» ташкилотининг изоляция чодирларини ёқиб юборди, 18 бемор қочиб кетди. Улардан тўрт нафари кейинчалик тест топширди, улар учта манфий ва битта мусбат натижани кўрсатди, яъни камида бир нафар вирус ташувчи озодликка чиқди.
Эртаси куни Эбола касаллигидан вафот этган диний арбобнинг қариндошлари бўлган ёшлар худди шу шифохонага тўрт марта ҳужум қилди, оқибатда яна етти бемор қочиб кетди. Улардан бири қон кетиши туфайли оғир аҳволда қочиб кетаётганда вафот этган. Ҳужумларга сабаб қариндошларнинг вафот этганларнинг жасадларини дафн этиш учун топшириш талаби бўлган. Эбола қурбонларининг жасади юқори даражада юқумли ва хавфли, уларни дафн қилиш вируснинг асосий тарқалиш йўлларидан бири ҳисобланади.
Гебрейесус 26 май куни ЖССТ фавқулодда вазиятлар бўйича директори Чикве Ихеквераза билан бирга Конгога шахсан йўл олмоқчи. Бу орада Уганда ҳукумати яна иккита тасдиқланган ҳолат ҳақида хабар берди - мамлакатда касалланганларнинг умумий сони етти нафарга етди. Май ойида ЖССТ Конго Демократик Республикаси ва Угандадаги Эбола эпидемиясини халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди.
Мавзуга оид
22:54 / 24.05.2026
Конгода Эбола эпидемияси сабабли авиақатновлар тўхтатилди
18:24 / 22.05.2026
Эбола янги штаммига қарши вакцина фақат олти-ўн ойдан кейин тайёр бўлади – ЖССТ
20:13 / 19.05.2026
Дунё янги глобал пандемия остонасида турибди – ЖССТ ва GPMB
18:48 / 16.05.2026