Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорлар учун янги рақамли молиявий тизим таклиф қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда рақамли молиявий платформани ишга тушириш таклиф қилинди. У орқали тадбиркор кредит олиш учун ариза беради, бир нечта банклардан тижорат таклифини олади, уларни таққослаб, ўзига қулайини танлайди.
Платформа “Электрон ҳукумат” тизимининг рақамли маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Кичик ва ўрта бизнес субъектларига оид маълумотлар автоматик равишда олиниб, банкларга тақдим этилади. Бу кредит бериш жараёнида ҳужжат йиғиш, ортиқча вақт сарфлаш ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб платформа доирасида сунъий интеллект технологиялари элементларидан фойдаланган ҳолда муқобил скоринг модели жорий этилади.

Анъанавий скоринг асосан кредит тарихига таянса, муқобил скоринг бизнес фаоллиги, коммунал тўловлар, айланмалар, солиқ ва бошқа рақамли маълумотларни ҳам ҳисобга олади. Бу кредит тарихи мавжуд бўлмаган тадбиркорларни ҳам баҳолаш, уларга молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга йўл очади.
Шунингдек, келгусида сунъий интеллект асосида тадбиркорнинг кредит тарихини яхшилаш, келгусидаги хатарларни баҳолаш ва бизнесни ривожлантириш бўйича тавсияларни шакллантириш имконияти яратилади.
Тижорат банклари томонидан “AI маслаҳатчиси” дастурини ишга тушириш ҳам назарда тутилмоқда. Мазкур дастур маҳаллалар ихтисослашуви ва ўсиш нуқталарини ҳисобга олган ҳолда бизнес ғояларни ишлаб чиқиш, уларни молиялаштириш имкониятларини аниқлашга кўмаклашади.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ҳам қўшимча енгилликлар белгиланмоқда. Аввал дастур доирасида микрокредитдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга тадбиркорлар учун микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади.

Қолаверса, кредит ёки лизинг миқдоридан қатъи назар, унинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми учун фоиз харажатлари компенсация қилинади.
Ҳар йили ўз фаолиятини кенгайтирган ва юқори натижа кўрсатган 100 та тадбиркорлик субъектига рақамлаштириш, халқаро стандартлар ва “яшил” технологияларни жорий этиш билан боғлиқ харажатлар учун 300 миллион сўмгача грант ажратиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, кредит тарихига эга бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектларига молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, платформа хавфсизлиги ва маълумотларнинг ҳимояланганлигини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Мавзуга оид
09:00 / 09.06.2026
Барча олийгоҳларда «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитилади
14:21 / 23.04.2026
Қарздорнинг картасидан автоматик пул ечилганда камида 1,2 млн сўм қолиши шарт бўлди
18:26 / 17.04.2026
Давлат хизматчисига тадбиркор билан йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба «асоссиз мулоқот қилиш» тақиқланади
18:11 / 17.04.2026