Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиноят кодексига аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар боби киритилади
Президент Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Йиғилишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Ушбу қонун парламент томонидан қабул қилинган.
Қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги боб киритилмоқда, бу орқали аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солаётган хавфли қилмишлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилган.
Наркожиноятларнинг замонавий усул ва шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, 10 дан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари оғирлаштирилади.
Давлат раҳбари ушбу қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлади ҳамда уни имзолади.

Тақдимотда идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда нарковазият жиддий ўзгариб, анъанавий гиёҳвандлик воситаларининг ўрнини синтетик наркотиклар эгалламоқда. Уларни тарқатиш усуллари ҳам ўзгариб, асосан, интернет орқали контактсиз шаклда амалга оширилмоқда. Шунингдек, мамлакат ичкарисида яширин лабораториялар пайдо бўлаётгани ушбу соҳада ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг 7 та асосий йўналиши белгиланмоқда. Улар орасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш каби чоралар мавжуд.
Лойиҳада наркотиклар айланмаси, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда бевосита иштирок этувчи 14 та давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланиши назарда тутилган. Қонуний муомаладаги моддалар устидан давлат назорати кучайтирилиб, уларни олиб киришдан тортиб, реализация қилишгача бўлган жараёнлар узлуксиз электрон назорат қилинади.

Прекурсорлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини қатъий тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада электрон назорат тизимини жорий этиш, ноқонуний ҳолатларга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Президент гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшлар орасида мазкур иллатнинг тарқалишига қатъий чек қўйиш бўйича таклифларни маъқуллади. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мавзуга оид
20:05
Болага автомобилни бошқаришга рухсат берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
18:36
Президент онкологик ва гематологик ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди
17:38
Президент ҳузурида балиқчилик тармоғини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди
20:06 / 10.06.2026