Ўзбекистон | 20:19
1444
7 дақиқада ўқилади

Реновация қонуни: розилик олиш ва компенсация тартиблари белгиланди

Эскирган уйлар ва нотурар жойлар ўрнида янгиларини қуриш ҳақидаги таклиф кўриб чиқилиши учун мулкдорларнинг камида 80 фоизининг розилиги талаб этилади. Агар кўп квартирали уй авария ҳолатига келиб қолган бўлса, розилик чегараси 80 фоизга етиши шарт эмас. Келишувга эришилмаган ҳуқуқ эгалари билан боғлиқ масала суд тартибида ҳал этилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июн куни “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун – эскирган уйлар ва нотурар жойлар ўрнида янгиларини барпо этишни кўзда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди.

Ҳужжатдаги таърифга кўра, шаҳарсозлик реновацияси – ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, ҳудуддаги бино-иншоотларни яшаш учун қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш демакдир.

Қонун 6 ойдан кейин – 2026 йил 12 декабрдан кучга киради.

Реновация учун асослар

Ҳужжатга кўра, шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • ҳудудда жойлашган турар ва нотурар жойларнинг эскиргани, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолгани;
  • ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги.

Реновация доирасида мавжуд объектлар асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиниши ва/ёки мавжуд объектлар бузилиб, ўрнида худди шу тоифадаги янги объектлар қурилиши мумкин. Шунингдек, реновация асосида яшил ҳудудлар ва бошқа ҳудудий зоналар ташкил этишга ҳам йўл қўйилади.

Ҳуқуқ эгаларидан розилик олиш

Қонунда реновация зонасидаги кўчмас мулк объектларининг эгалари ва ер участкаларига нисбатан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдалиниш, ижара (иккиламчи ижара ҳуқуқи бундан мустасно), мулк ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқ тури асосида эгалик қилаётган жисмоний ёки юридик шахслар “ҳуқуқ эгалари” атамаси остида бирлаштирилган.

Реновация лойиҳаси ҳудудий ҳокимлик томонидан кўриб чиқишга қабул қилиниши учун ҳуқуқ эгаларининг камида бешдан тўрт қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги талаб этилади.

Агар реновация ҳудудидаги кўп квартирали уй ваколатли орган томонидан авария ҳолатига келиб қолган ёки мазкур уйда яшаш фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигига хатарли деб топилган тақдирда, ҳуқуқ эгаларининг камида бешдан тўрт қисми уни ёқлаб овоз бермаган бўлса ҳам ушбу қонунга асосан кўп квартирали уйни шаҳарсозлик реновацияси дастурига киритиш юзасидан таклиф киритилиши мумкин.

Қолган ҳолатларда лойиҳа ташаббускори ҳар бир объект бўйича ҳуқуқ эгаларининг умумий йиғилишини ўтказиши ва уларнинг камида бешдан тўрт қисми билан нотариал тасдиқланган дастлабки битим тузиш орқали розилик олиши керак. Бу битимда келишилган компенсация шакли ва миқдори кўрсатилиши шарт.

Ҳуқуқ эгаларидан ёзма розиликни олиш чоғида кўчмас мулкни муайян муддатга бошқа шахсга ўтказмаслик юзасидан ҳам розилик олинади.

Лойиҳа тасдиқлангач, қолган ҳуқуқ эгалари билан келишув битимига эришилмаган тақдирда ёки ҳуқуқ эгасининг кимлиги ноаниқ бўлган ҳолатда, бу масала суд тартибида кўриб чиқилади.

Келишувга рози бўлмаган ҳуқуқ эгасини суддан ташқари битимга мажбурлаш, унинг ўз мулкини эркин тасарруф этишига тўсқинлик қиладиган шароитга тушириб қўйиш, шу жумладан коммуникация тармоқларидан (электр, газ ва бошқалар) узиб қўйиш ёки мулкига киришини тўсиб қўйиш тақиқланади.

Компенсация миқдори ва шакллари

Ҳуқуқ эгаси ўз хоҳишига кўра компенсация олиши ёки реновация лойиҳасида ҳисса қўшувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Ҳуқуқ эгасига қуйидагилар компенсация қилиб берилади:

  • кўчмас мулк объекти ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
  • ер участкасида жойлашган кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;
  • кўчиш ва бошқа объектни вақтичалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;
  • ер участкаси ва унда жойлашган объектлардан фойдаланиш натижасида олиниши мумкин бўлган бой берилган икки йиллик фойда;
  • келишув битимида назарда тутилган бошқа харажат ва зарарлар.

Санаб ўтилган компенсациялар миқдорини баҳолаш стандартлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланади.

Хусусийлаштирилган ер участкалари уларнинг мулкдорлари билан келишув асосида қайта сотиб олиш орқали реновация дастурига киритилиши мумкин.

Компенсациялар миқдори ўзаро келишув битимига биноан белгиланади. Бундай битимга эришилмаган тақдирда, компенсациялар миқдори суд тартибида белгиланади.

Реновация муносабати билан ҳуқуқ эгаларига етказилган ноқулайликлар учун қўшимча равишда дирекция томонидан ҳуқуқ эгасига аниқланган компенсация миқдорининг 12 фоизи миқдорида қўшимча тўлов сифатида бир марталик пул берилади.

Компенсация қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин:

  • реновация ҳудудида янги қуриладиган турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;
  • бошқа жойдан турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;
  • пул маблағлари;
  • келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар.

Компенсация шакли томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ ихтиёрий равишда танланади.

Турар ва нотурар жой тоифасидаги объект компенсация сифатида берилганда, ушбу бериладиган уй-жой майдони ҳуқуқ эгасининг реновация қилинаётган уй-жой майдонидан кам бўлмаслиги, яшаш учун тайёр ҳолда топширилиши ва биринчи навбатда пастки қаватлардан таклиф этилиши керак.

Реновациянинг бошқа мажбурий шартлари

Ижтимоий ва инфратузилма объектларига қўшимча юкламани компенсация қилиш билан боғлиқ харажатлар реновация лойиҳасида назарда тутилади ҳамда мазкур харажатлар реновация лойиҳасини амалга ошириш қийматига қўшиб ҳисобланди.

Реновация лойиҳасида қамраб олинган ҳудуднинг камида тўртдан бир қисми яшил зоналардан иборат бўлиши керак.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар кимматбаҳо навларининг рўйхатига киритилган дарахтлар ва буталар, шунингдек уларнинг жойлашган ўрнига зарар етказиш тақиқланади.

Моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг муҳофаза теграларига шаҳарсозлик реновацияси билан зарар етказишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилмаган, бироқ тегишли маҳаллий ҳудуд ва унинг аҳолиси учун тарихий, ижтимоий, иқтисодий аҳамиятга эга бўлган жойлар ҳамда объектларга ҳам зарар етказилмаслиги керак.

Реновация жараёни реновация лойиҳасига киритилмаган турар ва нотурар жойлар тоифасидаги объектларга зарар келтириши мумкин эмас.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид