Жамият | 19:22
1519
2 дақиқада ўқилади

Ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар эгалари экологик компенсация тўлаши мумкин

Қонун лойиҳасига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автомобил эгалари йилига бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12 млн 360 минг сўм) миқдорида экологик компенсация тўлашлари керак бўлади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан эксплуатация муддати тугаган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини қайта ишлаш амалиётини йўлга қўйиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжат атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш, шунингдек, эскирган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг қисмларини қайта ишлашнинг самарали тизимини яратишга қаратилган.

Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автомобил эгалари йилига бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12 млн 360 минг сўм) миқдорида экологик компенсация тўлашлари керак бўлади.

Тизим босқичма-босқич: 2026 йилдан бошлаб M1 тоифасидаги транспорт воситалари (енгил автомобиллар), 2027 йилдан бошлаб M2, M3, N1, N2 ва N3 тоифаларидаги микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари, 2030 йилдан эса барча турдаги ғилдиракли транспорт воситалари учун жорий этилади.

Шунингдек, «зарарли» экологик тоифага киритилган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Бундай автомобиллар (антиквар автотранспорт воситалари бундан мустасно) давлат рўйхатидан чиқарилади.

Лойиҳа муҳокамаси 28 июнгача давом этади.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид