Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ-Эрон келишуви Нетаняҳу ва Трамп ўртасида келишмовчиликка олиб келмоқда
Исроил расмийлари энг муҳим иттифоқчиси – Трамп маъмуриятини ғазаблантиришдан қўрқиб, омма олдида Эрон билан келишувга эҳтиёткорлик билан муносабат билдирмоқда. Бироқ ўзаро суҳбатларда норозилик аниқ сезилиб турибди, деб ёзмоқда Reuters нашри.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу уруш – Эроннинг диний раҳбарларини ағдаради ва уни АҚШ-Исроил иттифоқининг меъмори сифатида мамлакатдаги сайловлар олдидан мавқейини мустаҳкамлашини кутганди.
Бунинг ўрнига, Исроилнинг энг узоқ муддат хизмат қилган бош вазири – Трамп билан тўқнашув йўлига кириб қолди, деб ёзмоқда Reuters. Чунки АҚШ президенти урушдан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Ҳар икки етакчининг ҳам мақсадлари амалга ошмади, Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётлари эса ботқоққа ботиб қолган.
Исроил расмийлари – танқидчиларга нисбатан ўта таъсирчан, энг муҳим иттифоқчисини АҚШни ғазаблантиришдан қўрқиб, омма олдида Эрон билан келишувга эҳтиёткорлик билан муносабат билдирмоқда. Бироқ ўзаро суҳбатларда норозилик аниқ сезилиб турибди.
Дастлабки келишув «Исроил учун даҳшатли. Исроил раҳбариятида, бош вазирдан тортиб бош штаб бошлиғигача, буни бошқача кўраётган бирор киши йўқ», дея исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган Исроил мулозимларидан бирининг сўзларини келтирмоқда Reuters.
Расмий Вашингтонга кўра, улар ўт очишни тўхтатиш режими амалда бўладиган келгуси 60 кун ичида якуний шартларни музокара қилади. Аммо Исроил расмийлари бу келишув доирасидаги 60 кунлик музокаралар муддати узайтирилиши эҳтимоли борлигини айтган. Бу эса Исроилнинг хавотирлари ҳал этилмай қолган бир пайтда, унинг ҳарбий ҳаракатлар қилиш бўйича қўл-оёғини боғлаб қўяди.
Ливан ортидан келишмовчиликлар
Нетаняху ва Трамп келишувга қадар Исроилнинг Ливандаги Ҳизбуллоҳга қарши зарбалари сабабли ҳам бир неча бор тўқнаш келди. Чунки сулҳда барча нуқталарда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш Эроннинг асосий талабларидан бири эди.
Ойнинг бошида Трамп Нетаняҳуни «мияси айниган, ғирт ақлдан озган» деб таърифлаган. У АҚШ Эрон билан келишувга эришишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, Нетаняҳуга Байрутга зарба бермасликни буюрган эди.
Нетаняху ўша куни ҳужумларни бекор қилди, бироқ бир ҳафта ўтгач, Байрутнинг жанубий чеккасига зарба берди. Бу эса Эроннинг Исроилга ракета зарбалари йўллашига ва Трамп ҳар икки томонни оммавий қоралашига сабаб бўлди.
АҚШ ва Эрон ўзларининг муваққат келишувини эълон қилишларидан бир неча соат олдин, якшанба куни Ливандан Исроилга ракеталар отилгани айтилди. Шундан кейин Исроил Ливан пойтахтига яна зарбалар берди. Трамп бу сафар отишмаларни «кичик ва аҳамиятсиз» деб атади.
Исроил АҚШ-Эрон келишувидан «ғафлатда қолган»
АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми Швейцарияда – 19 июн куни имзоланиши кутилмоқда. Аниқ шартлар маълум бўлмаса-да, воситачи Покистон битим барча жабҳаларда, жумладан Ливанда ҳам ҳарбий амалиётларни бутунлай тўхтатишини айтди.
Нетаняҳу эса душанба кунги матбуот анжуманида Исроил ўз қўшинларини Ливан жанубида қолдиришини ва Ҳизбуллоҳ ҳужумларига қарши «ҳаракат эркинлиги»ни сақлаб қолишини айтди.
«Эрон бизнинг у ердан чиқиб кетишимизни хоҳлади, лекин мен қатъий турдим. Биз ҳаракат эркинлигимизни сақлаб қоляпмиз ва шимолдаги фуқароларимизни ҳимоя қилиш учун хавфсизлик зонасини ушлаб турибмиз», деди у журналистларга.

Муваққат келишув Ҳўрмуз бўғозидаги нефт йўлагини қайта очади, Теҳрон ядровий дастурининг тақдири эса якуний битимга эришиш учун 60 кунлик музокаралар даврида ҳал қилиниши учун қолдирилади.
Исроиллик уч нафар расмийсининг айтишича, Исроил 60 кунлик битим 90 кунгача узайтирилиши эҳтимолини жуда юқори деб баҳоламоқда. Бунда АҚШ кенгроқ битим бўйича музокаралар олиб борар экан, минтақада ўз ҳарбий техникалари ва кучларини жойлаштиришни давом эттиради.
Reuters билан гаплашган бошқа расмийлар эса ўтган ҳафта Трамп илк бор Эрон билан келишув яқинлигини айтганида Исроил ғафлатда қолганини билдирди. Уларнинг тан олишича, Исроил музокараларга таъсир ўтказишда деярли муваффақиятга эриша олмаган.
Трамп билан муносабатлар ва сайловлар
Нетаняҳу Қуддусда ўтказилган матбуот анжуманида Трамп билан баъзида фикрлари айро тушганини тан олди.
«У Америка Қўшма Штатлари президенти, мен Исроил бош вазириман. Кўп ҳолларда қарашларимиз мос келади, лекин қарашларимиз унчалик мос келмайдиган пайтлар ҳам бўлади. Мен Исроил хавфсизлигига, манфаатларига масъулман», деди Нетаняҳу.
Reutersʼга кўра, кузги сайловларда мағлуб бўлиши прогноз қилинаётган Нетаняҳу Трампга қарши чиқишга кўпроқ мойил бўлиши мумкин. Чунки ижтимоий сўровлар Исроил жамоатчилиги – АҚШ президентининг Исроил хавфсизлигига бўлган содиқлигига шубҳа билан қарай бошлаганини кўрсатмоқда.
«У Трамп билан жанжаллашиб қолмаслик учун келишувга очиқчасига қарши чиқмасликка ҳаракат қилади. Аммо у Исроил бу келишув билан боғланмаганини ва Исроил ўз ҳуқуқларини сақлаб қолишини билдиради», дея қўшимча қилди у.
Обама ва Байдендан фарқли ўлароқ Нетаняҳу Исроил жамоатчилигига ўзини Трамп билан алоқа ўрнатишда ягона моҳир арбоб сифатида кўрсатиб келган.
Хусусан, Трампнинг биринчи муддатида Исроил Вашингтондан йирик сиёсий ўзгаришларни қўлга киритди: АҚШ ўз элчихонасини Қуддусга кўчирди ва «Иброҳим келишувлари» имзоланди. Эрон масаласида эса Трамп Обама даврида имзоланган ва Исроил «ҳаддан ташқари юмшоқ» деб шикоят қилган ядровий келишувдан чиқиб кетганди.

2019 йилги сайловлар пайтида Нетаняҳу ўзини Трамп билан қўл бериб кўришаётган тасвирларидан улкан ташвиқот баннерларида ҳам фойдаланганди.
Бироқ ҳозирда, АҚШ-Эрон битими – Нетаняҳунинг «Трамп билан яқин муносабатлари» ҳақидаги гапларини чиппакка чиқармоқда.
«Нетаняҳу ушбу келишувни Исроил жамоатчилигига асло сотолмайди (маъқуллатолмайди). У умид қилиши мумкин бўлган «энг яхши нарса» — АҚШ-Эрон якуний келишувга эриша олмаслиги ва уруш 60 кундан кейин Исроил фойдасига қайтадан бошланишидир», дейди сиёсатшунос Жонатан Ринҳолд.
Шу билан бирга, Нетаняҳунинг энергетика вазири Эли Коэн, агар Эрон ўзининг ядровий ва ракета салоҳиятини қайта тикласа, Исроил ёлғиз ҳаракат қилишга тайёр бўлишини айтди. «Агар Эрон ядровий ва баллистик ракета дастурларини янгилашга уринса, биз ўша ерда бўламиз ва ҳаракат қиламиз», деди Коэн.
Мавзуга оид
18:52
АҚШ ва Эрон келишуви. Нималар маълум?
18:47
Узунлиги қарийб 6 метр — Америкадаги энг машҳур автомобил номи эълон қилинди
18:04
Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг илк аъзолари эълон қилинди
17:50