Жамият | 19:22
643
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқи жорий этилмоқда. У қандай ишлайди?

Ўзбекистонда ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқи расман эътироф этилди. Тегишли қонун 11 июн куни президент томонидан имзоланди ва уч ойдан кейин кучга киради. Япониянинг Нагоя университетида иш ташлаш ҳуқуқига оид докторлик диссертациясини ёқлаган ҳуқуқшунос Ҳасанбой Раҳимберганов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида янги қонуннинг асосий нормаларини тушунтириб берди.

Сунъий идрок яратган сурат

Қонуний иш ташлаш мезонлари

Қонуний иш ташлаш мезонларини тушуниш учун аввало Меҳнат кодексига киритилаётган иш ташлаш тушунчасига эътибор қаратиш лозим.

Қонунда ёзилган таърифга кўра, иш ташлаш – ходимларнинг меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришни тўхтатишидир.

Ушбу таърифдан келиб чиқиб, қонуний иш ташлашни тўрт асосий мезон орқали таҳлил қилиш мумкин: субъект, мақсад, тартиб ва шакл.

Биринчи мезон: субъект

Янги қонунга кўра, иш ташлаш алоҳида битта ходимнинг индивидуал ҳаракати эмас, балки ходимларнинг жамоавий ҳаракатидир. Яъни бир ходимнинг якка тартибда ишни бажаришдан бош тортиши иш ташлаш деб баҳоланмайди. Иш ташлаш айнан жамоавий меҳнат низоси доирасида, ходимларнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш воситаси сифатида амалга оширилади.

Буни жамоавий меҳнат низоси тушунчаси ҳам тасдиқлайди. Жамоавий меҳнат низоси ходимлар ёки уларнинг вакиллари билан иш берувчи ёки унинг вакиллари ўртасида юзага келадиган низо ҳисобланади. Демак, иш ташлаш ҳам айнан ходимларнинг якка тартибдаги эмас, балки биргаликдаги ҳаракати сифатида кўрилади.

Иш ташлаш тўғрисидаги қарор ҳам битта ходим томонидан эмас, балки умумий йиғилишда ёки конференцияда қабул қилинади. Бунда умумий йиғилиш ёки конференция иштирокчиларининг 50 фоизидан кўпроғи ёқлаб овоз бериши талаб этилади. “Ходимлар” деганда эса иш берувчи билан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган барча ходимлар назарда тутилади.

Демак, иш берувчи билан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлар иш ташлаш ҳуқуқига эга. Бироқ бу ҳуқуқ якка тартибда эмас, балки жамоавий меҳнат низоси доирасида амалга оширилади. Шу маънода, қонун иш ташлашни индивидуал эмас, жамоавий ҳуқуқ сифатида белгилаётгани тўғри ёндашувдир.

Шу билан бирга, иш ташлашга раҳбарлик қилиш масаласи алоҳида эътибор талаб қилади. Иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган меҳнат жамоаси иш ташлашга раҳбарлик қилувчи вакилни танлайди. Бу вакил бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи вакили бўлиши мумкин.

Иккинчи мезон: мақсад

Қонундаги таърифга кўра, иш ташлашнинг мақсади – ходимларнинг меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бу жуда муҳим мезондир.

Демак, ҳар қандай норозилик иш ташлаш деб ҳисобланмайди. Иш ташлаш меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлиши керак. Масалан, иш ҳақи, меҳнат шароитлари, иш вақти, дам олиш вақти, хавфсиз меҳнат шароитлари, жамоа шартномаси шартлари, касбий манфаатлар билан боғлиқ даъвосиз хусусиятга эга бўлган низолар иш ташлашга асос бўлиши мумкин.

Аксинча, сиёсий талаблар, умумий норозилик ёки меҳнат муносабатлари билан бевосита боғлиқ бўлмаган масалалар ушбу қонун доирасидаги иш ташлаш сифатида баҳоланмайди. Чунки иш ташлаш амалга оширилиши учун манфаатга доир жамоавий меҳнат низоси мавжуд бўлиши ва талаблар бевосита иш берувчига қаратилган бўлиши керак.

Бу ёндашувнинг ижобий томони шундаки, иш ташлаш ҳуқуқи аниқ меҳнат-ҳуқуқий майдонда сақланади. Яъни иш ташлаш сиёсий норозилик шакли эмас, балки ходимларнинг меҳнатга оид манфаатларини ҳимоя қилиш воситаси сифатида тартибга солинади.

Учинчи мезон: тартиб

Аввало, жамоавий меҳнат низосини яраштирув-воситачилик таомиллари орқали ҳал қилишга уриниш талаб этилади. Меҳнат кодекси мазмунидан келиб чиқиб, бундай таомилларга яраштириш комиссияси, медиатор иштирокида кўриб чиқиш ва меҳнат арбитражи киради. Ушбу йўллар орқали келишувга эришилмаса, иш берувчи уларда иштирок этишдан бош тортса ёки эришилган келишувни бажармаса, ходимлар иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Бу ерда муҳим бир жиҳат бор: иш ташлашни оддийгина “энг охирги восита” деб тушуниш ҳар доим ҳам тўғри эмас. Агар масалан, яраштириш комиссиясида келишувга эришилган бўлса-ю, иш берувчи бу келишувни бажармаса, ходимлар барча бошқа таомилларни қайтадан босиб ўтмасдан иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бу эса иш ташлаш фақат барча процедуралар тугагандан кейингина қўлланадиган мутлақ охирги чора эмаслигини кўрсатади.

Бундан ташқари, иш ташлаш бошланганидан кейин ҳам низо автоматик ҳал бўлиб қолмайди. Ходимлар ва иш берувчи иш ташлаш давомида ҳам яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали низони ҳал қилишга ҳаракат қилиш мажбурияти белгиланмоқда. Демак, иш ташлашнинг мақсади низони кескинлаштириш эмас, балки иш берувчини музокарага қайтариш ва келишувга эришишдир.

Шунингдек, судлар томонидан иш ташлаш қонунийлигига баҳо беришда умумий йиғилиш тартиби, овоз бериш натижалари, иш берувчини ёзма хабардор қилиш ва тегишли давлат органларини огоҳлантириш муддатлари амалиётда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Тўртинчи мезон: шакл

Қонундаги таърифга кўра, иш ташлаш меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришни тўхтатишдир. Бу таърифдан учта муҳим белги келиб чиқади.

Биринчидан, иш ташлаш вақтинчалик бўлади. У меҳнат муносабатларини бутунлай тугатиш эмас, балки жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш учун қўлланадиган вақтинчалик босим воситасидир.

Иккинчидан, иш ташлаш ихтиёрий бўлиши керак. Ҳеч ким ходимни иш ташлашда қатнашишга ҳам, қатнашмасликка ҳам мажбур қила олмайди.

Учинчидан, иш ташлаш тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин. Яъни ходимлар барча ишни тўхтатиши ҳам, айрим меҳнат мажбуриятларини бажаришни вақтинча рад этиши ҳам мумкин.

Бу таъриф нисбатан кенг ва амалиёт учун фойдали. Чунки иш ташлаш ҳар доим корхона ёки ташкилотнинг бутунлай тўхтаб қолиши дегани эмас. Баъзан ходимлар айрим иш турларини бажаришни тўхтатиш орқали ҳам жамоавий талабларини билдириши мумкин.

Шу билан бирга, иш ташлашни амалга оширишда жамоат тартиби, иш берувчи ва ходимларнинг мол-мулки хавфсизлиги, шунингдек, тўхтатилиши инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ускуналарнинг ишлаши таъминланиши керак. Бу талаб иш ташлаш ҳуқуқи билан жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилган.

Иш ташлашга оид чекловлар

Қонунда иш ташлаш ҳуқуқи тан олиниши билан бирга, айрим чекловлар ҳам назарда тутилмоқда. Бу табиий ҳолат, чунки иш ташлаш ҳуқуқи мутлақ ҳуқуқ эмас. Айниқса, инсон ҳаёти, соғлиғи, жамоат хавфсизлиги, давлат хавфсизлиги ёки узлуксиз ишлаши зарур бўлган хизматлар билан боғлиқ соҳаларда иш ташлаш масаласи эҳтиёткорлик билан тартибга солинади.

Бироқ чекловлар қанчалик зарур бўлмасин, улар иш ташлаш ҳуқуқининг ўзини амалда йўққа чиқариб қўймаслиги керак. Агар тақиқланган соҳалар доираси ҳаддан ташқари кенг талқин қилинса ёки “жамоат тартибига хавф” каби умумий тушунчалар асосида ҳар қандай иш ташлаш чекланса, қонун билан тан олинган ҳуқуқ амалда ишламайдиган институтга айланиб қолиши мумкин.

Шу сабабли иш ташлашга оид чекловлар аниқ, асосли ва мутаносиб қўлланиши лозим. Бу ерда асосий мезон шундай бўлиши керак: чеклов жамият учун зарур бўлган минимал хавфсизликни таъминлаши керак, лекин ходимларнинг жамоавий манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини бутунлай йўққа чиқармаслиги лозим.

Шу нуқтайи назардан, Меҳнат кодексида бундай мувозанатни таъминлаш учун икки асосий механизм қўлланиши назарда тутилади. Биринчиси, иш ташлаш давомида аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ёки хавфсизлиги учун зарур бўлган минимал хизматлар сақлаб қолиниши. Иккинчиси эса айрим муҳим хизматлар соҳасида иш ташлаш ўрнига низони мажбурий меҳнат арбитражи орқали ҳал этиш тартибини жорий этишдир.

Қонунга кўра, фавқулодда ҳолат пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади.

Қуйидаги шахсларнинг иш ташлашда қатнашиши мумкин эмас: тиббиёт ходимлари; давлат фуқаролик хизматчилари; ҳарбий хизматчилар, судялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари; энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари; алоқа тизими ходимлари.

Иш ташлашдаги кафолатлар

Ходимни қонуний иш ташлашда қатнашгани учун интизомий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Бу – иш ташлаш ҳуқуқининг энг муҳим кафолатларидан биридир.

Шу билан бирга, қонунда айрим масалалар аниқлик талаб қилади. Масалан, агар иш ташлаш кейинчалик суд томонидан ноқонуний деб топилса, ходимлар ёки иш ташлашга раҳбарлик қилган орган қандай оқибатларга дуч келади? Кимлар интизомий жавобгарликка тортилади? Ёки фақат маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласи қўлланадими? Бу масала амалиётда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Яна бир баҳсли жиҳат маъмурий жавобгарлик билан боғлиқ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда иш ташлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш учун жавобгарлик 201-2-модда сифатида белгиланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, 201-модда йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ва ўтказиш тартибини бузиш ҳақида. Иш ташлаш эса бу институтлардан фарқли равишда бевосита меҳнат муносабатлари ва бирлашиш эркинлиги доирасида юзага келадиган ҳуқуқий институтдир.

Шу сабабли иш ташлашни оммавий тадбирлар билан бир ҳуқуқий мантиқда кўриш эҳтиёткорликни талаб қилади. Иш ташлаш – бу кўча намойиши эмас. У ходимлар ва иш берувчи ўртасидаги жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш воситасидир. Агар жавобгарлик масаласида бу фарқ етарли ҳисобга олинмаса, иш ташлаш ҳуқуқи меҳнат ҳуқуқи институти сифатида эмас, жамоат тартибига оид хавф сифатида талқин қилиниши мумкин.

Халқаро суд хулосаси нима учун муҳим?

Бу масала халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ҳам долзарб. 2026 йил 21 май куни Халқаро суд иш ташлаш ҳуқуқи Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-сонли “Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги конвенцияси доирасида ҳимояланишини эътироф этди.

Ушбу хулоса Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Чунки Ўзбекистон – мазкур конвенцияни ратификация қилган давлатлардан биридир. Халқаро суднинг маслаҳат хулосаси шуни кўрсатадики, иш ташлаш ҳуқуқи бирлашиш эркинлигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Агар ходимлар тузган ташкилотлар ўз аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун реал воситаларга эга бўлмаса, бирлашиш эркинлиги амалий мазмунини йўқотади.

Шу билан бирга, Халқаро суд иш ташлаш ҳуқуқини мутлақ ва чексиз ҳуқуқ сифатида талқин қилмаган. Давлат ушбу ҳуқуқни тан олиши, лекин уни ходимлар, иш берувчилар ва жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаган ҳолда тартибга солиши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги қонуни айнан шу йўналишда ташланган муҳим қадамдир. Қоунн иш ташлаш ҳуқуқини тан олади, уни амалга ошириш тартибини белгилайди ва айрим чекловларни назарда тутади. Энди асосий масала – ушбу нормаларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги ва амалда ишлайдиган механизмга айланишидир.

Ҳасанбой Раҳимберганов,
Тошкент давлат юридик университети
катта илмий ходими,
юридик фанлар доктори

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид