Жаҳон | 22:24 / 16.06.2026
972
2 дақиқада ўқилади

Трамп Европа Иттифоқи таъсирида Украина бўйича позициясини ўзгаргартирди — ОАВ

Франциядаги саммитда йиғилган G7 етакчилари - Европа ва Қўшма Штатларнинг Россия-Украина можаросидаги кучлар жойлашуви бўйича позициялари яқинлашаётгани таъкидланмоқда.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Европа давлатлари раҳбарларининг таъсири туфайли АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина бўйича позицияси Киевни қўллаб-қувватлаш томонига ўзгарди. Энди америкалик сиёсатчининг бу борадаги фикрлари Аляскадаги саммитдан кейинги фикрларидан фарқ қилади, деб ёзди Bloomberg G7 расмийларига таяниб.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, Франциядаги саммитда йиғилган G7 етакчилари Европа ва Қўшма Штатларнинг Россия-Украина можаросидаги кучлар жойлашуви бўйича позициялари яқинлашаётганини тушуна бошлаган.

Агентликнинг ёзишича, 2025 йил ёзида Россия президенти Владимир Путин билан Аляскада бўлиб ўтган учрашувдан бери Трамп Украинанинг «кўзирлари» қолмаганига ва у ҳудудий ён босиши кераклигига ишонч ҳосил қилган. Шунга қарамай, АҚШ президенти G7 майдонида сўзга чиқиб, Россияни Киев билан келишув тузишга чақирди.

«Мен саккизта урушни ҳал қилдим. Буни [Украинадаги урушни] ҳал қилиш осон деб ўйлагандим. Ҳа, мен қўлимдан келганини қиламан», деди Трамп.

Аввалроқ AFP агентлиги G7 давлатлари Украинадаги можарони тўхтатиш учун энергетика соҳасида Россияга босимни кучайтиришга келишиб олгани ҳақида ёзган эди. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, расмийлар ўз мақсадларига Россия гази ва нефтига қарши санкциялар орқали эришмоқчи.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид