Жаҳон | 21:39 / 22.06.2026
866
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг пул ўтказмаларидан комиссия ундириш таклиф этилди

«Справедливая Россия» партияси депутатлари Давлат Думасига мигрантлардан ҳар бир халқаро банк ўтказмаси учун 3% комиссия ундиришни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини киритди. Бу ҳақда партия раҳбари Сергей Миронов маълум қилди.

Фото: Sputnik / Evgeniy Epanchintsev

«Мигрантларнинг аксарияти Россияда ҳеч қандай солиқ тўламайди, гарчи улар мамлакатдан катта маблағларни олиб чиқиб кетса-да, бу маблағлар Марказий Осиё давлатларини ривожлантириш учун ишлайди. Шу билан бирга, Россия бюджети бу оқимдан бир тийин ҳам – ҳеч қандай солиқ ёки йиғим олмайди. Барча «қаймоқ»ни ўтказмалар учун комиссия жорий қилган тўлов тизимлари ва банклар олади. Бу хайрия ишларини тўхтатиш вақти келди», деди депутат.

Мироновнинг қўшимча қилишича, статистик маълумотларга кўра, трансчегаравий ўтказмаларнинг аксарияти мигрантлар ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили Қирғизистонга рекорд даражадаги 3,2 миллиард доллар ўтказилган бўлса, 2025 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 15 миллиард долларга етган. «Депутатлар трансчегаравий ўтказма суммасининг 3 фоизигача мажбурий тўловни жорий этишни таклиф қилмоқда», деди у.

«Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, қонуннинг қабул қилиниши ҳар йили бюджетга қўшимча 45 миллиард рублдан ортиқ маблағ олиш имконини беради. Ўйлайманки, бу кераксиз маблағ эмас, қачондир бу бизнинг бизнесимиз ёки аҳоли ҳисобидан эмас, балки хазинага қўшимча бўлади», деб хулоса қилди Миронов.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид