Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухоро вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Ҳаёт Давлатов Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари бўлди. У бунгача Пешку тумани ҳокими эди.
Ҳаёт Давлатов Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Бу лавозим шу йил апрелидан буён бўш турганди – ўшанда 2023 йил августидан буён Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари бўлган Жалол Арашов қурилиш вазирига ўринбосар лавозимига кўтарилганди.
Ҳаёт Давлатов 1979 йилда Пешку туманида туғилган. 1999 йилда Санкт-Петербург давлат университетини, 2006 йилда Бухоро давлат университетини ҳамда 2011 йилда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
У иш фаолиятини Бухоро вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида оддий назоратчи сифатида бошлаб, Бухоро вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Бухоро вилояти қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш консалтинг маркази директори, Бухоро вилояти Инвестиция бош бошқармаси бошлиғи, Бухоро вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Ҳаёт Давлатов 2021-2024 йилларда Когон шаҳри ҳокими бўлган, 2024 йил ноябридан буён Пешку тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётганди.