Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди
Иссиқхона фаолиятини тўхтатиб, «Сурхон-Агро» ҳудудида фаолиятини давом эттирадиган тадбиркорлик субъектлари учун қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Махсус комиссия томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида жойлашган иссиқхоналарни демонтаж қилиш ҳамда уларни сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.
«Куз-қиш мавсумида кўплаб иссиқхоналар сунъий иситиш учун кўмир, мазут, автомобил шиналари ва бошқа зарарли ёқилғи турларидан фойдаланган. Бу эса атмосфера ҳавосига белгиланган меъёрлардан ортиқ миқдорда зарарли моддалар чиқарилишига сабаб бўлиб, нафақат атроф-муҳитга, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатган. Шу боис фуқаролардан бу борада кўплаб асосли мурожаатлар келиб тушган.
Махсус комиссия томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида зарарли ёқилғидан фойдаланган иссиқхоналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, ифлосланиш манбалари бартараф этилди. Натижада атмосфера ҳавоси сифатини маълум даражада яхшилашга эришилди», – дейилади қўмита хабарида.

Мазкур омилларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, иссиқхоналарни иқлим шароити қулайроқ ҳудудларга кўчириш, тадбиркорларни иситиш тизимларидан фойдаланиш билан боғлиқ ортиқча харажат ва қийинчиликлардан халос этиш, шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолини мева-сабзавот маҳсулотлари билан самарали таъминлашга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон президентининг 2026 йил 25 мартдаги 108-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 162-сонли қарорларига асосан иссиқхоналарни сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди.



Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 162-сон қарорига кўра, иссиқхона фаолиятини тўхтатиб, «Сурхон-Агро» ҳудудида фаолиятини давом эттирадиган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади:
— халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банклари маблағлари ҳисобидан миллий ва хорижий валютада иссиқхона хўжаликларига ажратилган кредитларни қайтариш муддати 5 йилга узайтирилади, жумладан, 3 йилгача имтиёзли давр белгиланади. Бунда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан илгари берилган кафолатлар ва фоиз ставкаларини қоплаш бўйича компенсациялар сақлаб қолинади;
— 2028 йил 1 апрелга қадар «Сурхон-Агро» ҳудудига кўчириладиган иссиқхоналар учун уларни демонтаж қилиш, ташиш ҳамда қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар ер майдонининг ҳар бир сотихи учун 500 минг сўмгача миқдорда бир марталик тартибда қоплаб берилади.

Ҳозирги вақтда Тошкент вилояти тадбиркорларига Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига иссиқхоналарни кўчириш шартлари, улар учун назарда тутилган имтиёзлар ҳамда бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг иссиқхоналар сунъий иситиш тизимларидан узилади ва тегишли шартномалар бекор қилинади.
Мавзуга оид
08:25
714 туп каннабис етиштирилган иссиқхона аниқланди
11:20 / 22.06.2026
Бўстонлиқда каналга тушиб кетган икки боладан бирининг жасади топилди
21:23 / 20.06.2026
Қибрайда автомобилда қизларга уятсиз ҳаракат қилган йигитлар 5 суткага қамалди
16:47 / 19.06.2026