Жамият | 23:14 / 04.07.2026
439
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида қарийб 12 кило гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга уринган йўловчилар ушланди

Бангкокдан учиб келган йўловчининг багажида 4,8 кг.дан зиёд “марихуана”, Пхукетдан учиб келган қўшни давлат фуқаросига тегишли багажда 7 кг. 180 гр. оғирликдаги “мефедерон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистонга олиб киришга уринган шахслар тўхтатиб қолдилар.

Жумладан, "Тошкент халқаро аэропорти" чегара божхона постида Бангкокдан учиб келган ва божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган йўловчилардан бири шубҳа остига олиниб, унинг қўл юки ва багажлари божхона кўригидан ўтказилганида ушбу шахс багажида 4,8 кг.дан зиёд оғирликдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини олиб киришга урингани фош бўлди.

Пхукетдан учиб келган қўшни давлат фуқаросига тегишли багажни кўздан кечириш давомида эса юклар орасидаги қадоқланган қуруқ сут маҳсулотлари божхона ходимларининг диққатини тортди.

Марказий божхона лабораториясида ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, мазкур қадоқлар ичидаги модда қуруқ сут эмас, 7 кг. 180 гр. оғирликдаги “мефедерон” синтетик гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди.

У Телеграм мессенжери орқали танишган номаълум шахснинг кўрсатмасига асосан мазкур синтетик наркотикларни 1000 АҚШ доллари эвазига Тошкент шаҳрига етказиб бериш учун олиб келгани маълум бўлди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид