Ўзбекистон | 19:06
561
4 дақиқада ўқилади

Алифбо ислоҳоти ва Андижонда дунёга келган 5 нафар эгизак — маҳаллий дайжест

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Алифбо ислоҳоти бўйича янги қонунни маъқуллади ва Сенатга юборди. Андижонлик аёл 5 нафар эгизак — уч қиз ва икки ўғилни дунёга келтирди. Ўзбекистонда миллий навигация тизими яратилиши мумкин. Тошкентда ов қуроллари ва юзлаб ўқ-дорилар ихтиёрий топширилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистонда миллий навигация тизими яратилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш ва телекоммуникация соҳалари бўйича тақдимот билан танишди.

Унда давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш таклиф қилинди. Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради.

Шунингдек, миллий навигация тизимини яратиш таклифи илгари сурилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда асосан АҚШ (GPS) ва Россия (ГЛОНАСС) платформаларидан фойдаланилаётгани қайд этилди. Миллий навигация тизими геомаълумотларни ягона стандарт асосида шакллантириш, транспорт, логистика, тезкор хизматлар, шаҳарсозлик ва давлат хизматларини сифатли ташкил этишга хизмат қилади.

Алифбо ислоҳоти бўйича қонун Сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Лойиҳада лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига, 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.

Ўзгаришлар кучга кириши учун қонун Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзоланиши керак бўлади. Расмий хабарда айтилишича, қонун лойиҳаси амалиётга босқичма-босқич жорий этилади. Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолинади.

Андижонда 5 нафар эгизак дунёга келди

6 июл куни Андижон шаҳрида жойлашган 2-сон туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак (уч нафар қиз, икки нафар ўғил) дунёга келди.

«Қайрағочтош» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Наргиза Бекжонова шу куни кўп ҳомилалик ташхиси билан мазкур муассасага қабул қилинди. Унда муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти бажарилди.

ССВ хабарига кўра, туғуруқ жараёни малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлар томонидан муваффақиятли ўтказилган. Ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилди.

Тошкентда ов қуроллари ва юзлаб ўқ-дорилар ихтиёрий топширилди

Тошкент шаҳрида ДХХ томонидан ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари давомида Яккасарой туманида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаро марҳум отаси яшаган хонадондан топилган 1 дона милтиқ, 19 дона ўқотар ов қуроли, 13 дона ствол ва колодка, 117 дона ўқ-дори ҳамда бошқа эҳтиёт қисмларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширди.

ДХХ ва Ички ишлар вазирлигининг пойтахт бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тадбирда эса Миробод туманида яшовчи 1960 йилда туғилган аёл марҳум турмуш ўртоғига тегишли бўлган 2 дона ўқотар ов қуроли ва 181 дона ўқ-дорини ихтиёрий равишда топширди.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларга мурожаат қилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширган шахслар жавобгарликдан озод этилишини эслатди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид