Жаҳон | 21:27
1226
3 дақиқада ўқилади

Трамп Украинанинг Россия ичкарисига берган зарбаларини қўллаб-қувватлади

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинанинг Россия ичкарисига зарбаларини қўллаб-қувватлади ва бу «урушни тугатишга ёрдам берадиган эскалация» эканини айтди.

Фото: Reuters

Туркияда бўлиб ўтаётган НАТО саммити доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп 8 июль куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

Оқ уй раҳбари учрашув чоғида Украинанинг Россия ҳудудларига узоқ масофали зарбалари урушнинг тезроқ тугашига хизмат қилиши мумкинлигини айтди.

Трамп Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводлари ва мудофаа объектларига уюштирган ҳужумларига шундай изоҳ берди: «Бу - эскалация… лекин бу [урушни] тугатишга ёрдам бериши мумкин бўлган эскалация», деди Америка етакчиси.

Трамп ва Зеленский учрашувининг асосий натижалари

  • Украинада Patriot тизимини ишлаб чиқариш: Трамп АҚШ Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини мустақил ишлаб чиқариш учун лицензия ва технологиялар беришини эълон қилди. «Биз уларга Patriot ишлаб чиқариш ҳуқуқини берамиз. Биз буни қандай қилишни кўрсатамиз», деди у.

  • Зеленскийга баҳо: АҚШ президенти Украина раҳбарининг ҳаракатларини юқори баҳолаб, унинг уруш шароитида «ажойиб иш қилгани» ва «жуда самарали бўлганини» таъкидлади.

  • Тинчлик истиқболлари: Томонлар можарони ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилди. Трамп Владимир Путин билан кейинги алоқаларга ишора қилди.

Учрашув Трампнинг НАТО бўйича европалик иттифоқчиларини кескин танқид қилиши фонида нисбатан конструктив тарзда ўтди. Америка президенти иттифоқчиларнинг мудофаа харажатлари даражасидан норозилигини билдирди, Испанияни «бўлмағур ҳамкор» деб атади ва Эрон билан инқироз туфайли альянсдаги вазиятдан «жуда хафа» эканини айтди.

Анқарадаги НАТО саммити 7-8 июль кунлари бўлиб ўтди. Асосий мавзулар - ҳарбий бюджетларни ошириш, Украинани қўллаб-қувватлаш ва глобал хавфсизлик. Россиянинг Украина шаҳарларига зарбалари ва Украинанинг жавоб ҳужумлари фонида Трамп музокаралар столига қайтиш учун Москвага босим ўтказиш зарурлигига эътиборни кучайтирди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Трампнинг «фойдали эскалация» ҳақидаги баёноти Россия ҳудудида Ғарб қуролларидан фойдаланиш бўйича чекловларни янада юмшатишга йўл очиши мумкин.

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид