Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йирик кибержиноятчилар тармоғи ва икки киши ҳалок бўлган мудҳиш авария — маҳаллий дайжест
Яширин иқтисодиётни аниқловчи янги платформа ишга туширилади. Тошкентда йирик кибержиноятчилар тармоғи фош этилди. Нефт маҳсулотлари захираси 2−3 ой учун етарли экани айтилди. Тошкентда Lacetti бўлиниб кетган «авария»да икки киши ҳалок бўлди. Сохта чек орқали кешбэк олмоқчи бўлган 248,5 минг киши шубҳали харидорлар реестрига киритилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Яширин иқтисодиётни аниқловчи янги платформа ишга туширилади
2026 йил охиригача “Яширин иқтисодиёт харитаси” рақамли платформаси ишга туширилади. У 16 та вазирлик ва идора ахборот тизимлари билан интеграция қилиниб, 22 тармоқ, 85 соҳа, 14 ҳудуд ва 208 туманни қамраб олади.
Платформа лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий товар айланмасини яшириш, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини кам кўрсатиш, шунингдек, рентабеллик ва фойдани сунъий равишда пасайтириш каби ҳолатларни автоматик тарзда аниқлайди.
Сўнгги икки йилда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 35 фоиздан 23 фоизгача қисқариб, бюджетга қўшимча 38 триллион сўм тушум таъминланган. 2030 йилгача яширин иқтисодиёт ҳажмини яна икки баробар қисқартириш, банд аҳоли сонини 14 миллион нафарга, нақдсиз тўловлар улушини эса 75 фоизга етказиш режалаштирилган.
Тошкентда йирик кибержиноятчилар тармоғи фош этилди
Тошкентдаги иккита ноқонуний Call-markaz фаолиятига чек қўйилди. Уларда жами 131 нафар (8 нафари чет эл фуқароси) ишлаган бўлиб, чет тилларини яхши биладиган ёшлар ва талабалар Канада, Буюк Британия, Германия ҳамда бошқа давлатлар фуқароларини трейдерлик ниқоби остида криптоактивларга инвестиция киритишга ундаб, алдаган.
Тезкор тадбирларда 136 та компютер, 320 та телефон ва бошқа техника мусодара қилинди. Терговга кўра, схемани чет эл фуқароси 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси билан бирга ташкил этган. Икки раҳбар ва яна 18 киши қамоққа олинди, 111 нафар шахс бўйича тергов давом этмоқда. Шунингдек, жиноий тармоқнинг Россия, Грузия, Украина ва Озарбойжонда ҳам сall-марказлари мавжудлиги аниқланган.
Нефт маҳсулотлари захираси 2−3 ой учун етарли экани айтилди
Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари захираси 2-3 ой учун етарли. Бу ҳақда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди.
«Куз-қишга алоҳида режа қилиб олганмиз. Етарлича захиралар яратилган ва ҳозирги ички ишлаб чиқаришимиз бор, шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, 100 минг тоннадан ошиқ маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилади. Яъни ишонтириб айтаманки, келаси 2-3 ой учун бизнинг захирамиз етарли», деди у.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 млн тоннадан ошган. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар яна 600−700 минг тонна маҳсулот импорт қилмоқда. «Шу ҳисобдан нефт маҳсулотларига бўлган барча эҳтиёжимиз қопланади», деди у.
Тошкентда Lacetti бўлиниб кетган «авария»да икки киши ҳалок бўлди
Тошкентнинг Юнусобод туманида 30 июнь куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида Lacetti автомобили Kia K5 билан тўқнашди ва иккига бўлиниб кетди. Ҳодисада икки киши ҳалок бўлди, яна уч киши, жумладан, икки бола жароҳатланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, юқори тезликда ҳаракатланган Kia K5 ва Zeekr автомобилларини вояга етмаган мактаб ўқувчилари бошқарган. Zeekr ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.
Сохта чек орқали кешбэк олмоқчи бўлган 248,5 минг киши шубҳали харидорлар реестрига киритилди
Солиқ қўмитаси май ойида сохта фискал чеклар орқали ҚҚС кешбэкини асоссиз олишга уринган 248,5 минг нафар фуқаро шубҳали харидорлар реестрига киритилганини маълум қилди. Натижада 83,1 млрд сўмлик кешбэк тўловлари вақтинча тўхтатилди.
Апрель–май ойларида Навоийда 34,8 млрд сўм, Фарғонада 34,4 млрд сўм ва Андижонда 23,8 млрд сўмлик шубҳали кешбэк тўловлари ушлаб қолинган. Солиқ қўмитаси фуқароларни Soliq Mobile иловасида фақат ўз харидлари чекини рўйхатдан ўтказишга чақирди.
Мавзуга оид
19:06 / 07.07.2026
Алифбо ислоҳоти ва Андижонда дунёга келган 5 нафар эгизак — маҳаллий дайжест
18:32 / 06.07.2026
Сохта «кешбэк» схемаси ва жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга катта лавозим — маҳаллий дайжест
19:08 / 03.07.2026
Дарёга қулаган темирйўл ва Тошкентдаги канализация қувурида йирик авария — маҳаллий дайжест
18:58 / 02.07.2026