Жамият | 20:52
683
4 дақиқада ўқилади

Президент 2030 йилгача 1,5 минг раҳбар кадр захирасини шакллантиришни буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли мутахассисдан иборат миллий раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришни топширди. Истиқболли бошқарувчилар сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосида сараланиб, махсус дастурлар орқали тайёрланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни иқтидорли бошқарувчилар, лидерлар ва янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда сунъий интеллект ёрдамида тармоқлар ва ҳудудларнинг драйвер соҳалари таҳлил қилиниб, 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича бошқарув кадрларига эҳтиёж мавжудлиги аниқлангани қайд этилди. Айниқса, энергетика ва «яшил» технологиялар, қурилиш ва урбанизация, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида малакали мутахассисларга талаб юқори.

Давлат раҳбари тайёр кадрлар базаси бўлмаса, бошқарув тизимида узилишлар юз бериши, иш самарадорлиги ва қарорлар сифати пасайишини таъкидлади.

Кадрларни баҳолашда эскича «объективка» усулидан воз кечиб, номзоднинг билими, касбий тажрибаси, психологик хусусиятлари, стратегик фикрлаши ва лидерлик қобилиятини қамраб оладиган портфолио тизимига ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Янги тартибга кўра, истиқболли бошқарувчилар рақамли технологиялар асосида 100 баллик мезон бўйича баҳоланади. Катта маълумотлар ва бизнес-таҳлил воситалари орқали юқори салоҳиятли кадрлар аниқланиб, улар учун сунъий интеллект ёрдамида индивидуал касбий ривожланиш режалари ишлаб чиқилади. Мазкур тизимни дастлаб қишлоқ хўжалиги, олий таълим ва қурилиш соҳаларида синовдан ўтказиш таклиф этилди.

Ҳар икки йилда 500 нафар истиқболли бошқарувчини саралаб олиш, шу тариқа 2030 йилга қадар 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли мутахассисдан иборат янги авлод раҳбар кадрлар захирасини яратиш режалаштирилган.

Тақдимотда раҳбарлик лавозимлари учун захирани шаффоф шакллантиришга қаратилган «ТОП-100» очиқ танловини ўтказиш механизми ҳам баён қилинди. Танлов аграр соҳа, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ, таълим, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларини қамраб олади.

Номзодлар тест, комплекс касбий баҳолаш ва суҳбат босқичларидан ўтади. Ғолиблар махсус ўқув курсларида тайёрланиб, миллий кадрлар захирасига киритилади, уларнинг касбий ўсиши ва раҳбарлик лавозимларига тайинланиши бўйича манзилли чоралар кўрилади.

Миллий кадрлар захирасини шакллантиришда хориждаги ватандошлар, шунингдек, дунёнинг энг нуфузли 100 та университетини тамомлаган ва уларда таҳсил олаётган ёшлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Бу борада 2026 йил 1 октябрдан career.edu.uz платформасида «Хориждаги талабалар» модулини ишга тушириш режалаштирилган. У орқали чет элда таълим олаётган ёшлар давлат идоралари ва хусусий корхоналарга бириктирилади, уларнинг амалиёт ўташи, иш берувчилар билан мулоқоти ҳамда келгусида ишга жалб қилиниши таъминланади.

Йиғилишда «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ўтган йили жамғарма трансформация қилингани натижасида дунёнинг энг нуфузли 100 та олийгоҳи талабаси бўлган стипендиатлар улуши 30 фоиздан 80 фоизга етди. Кейинги йилда янги тартиб асосида ўтказилган учта танловда 447 нафар иқтидорли ёш стипендия соҳиби бўлди.

Шу билан бирга, жамғарма дастурларини ҳудуд ва тармоқларнинг аниқ эҳтиёжларига боғлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Иқтидорли ёшларни хорижий университетларда манзилли тайёрлаш, ўқиш харажатларини йирик корхоналар билан биргаликда молиялаштириш, нуфузли хорижий олийгоҳлар билан қўшма дастурларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, битирувчиларнинг илмий тадқиқотлари, стартаплари ва ислоҳотларга қаратилган ташаббусларини кичик грантлар орқали қўллаб-қувватлаш, юқори бўғин раҳбарлари учун Сингапур, Малайзия, Буюк Британия ва Япония тажрибаси асосида лидерлик дастурларини ташкил этиш режалари кўриб чиқилди.

Президент кадрларни саралашда очиқлик ва холисликни таъминлаш, иқтидорли мутахассисларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан мамлакат тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид