Жаҳон | 22:07
536
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар ҳаракатини кузатиш учун телефон сотиб олишга мажбурланиши мумкин

Ҳукумат мигрантлар устидан назоратни кучайтирувчи чораларни тобора кўпроқ жорий қилмоқда.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости

Келажакда Россияга борувчи мигрантлар мобил телефон сотиб олишга мажбур бўлади, бу орқали ҳукумат уларни кузатиб бориши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари Игор Зубов маълум қилди.

«Келажакда нима бўлиши, қаёққа кетаётганимиз ҳаммага қизиқ. Бу ерга, айниқса, ишлаш ёки узоқ муддатга келган ҳар бир мигрант рўйхатдан ўтишда телефон сотиб олиши шарт бўлади. Бу телефонда унинг электрон профили жойлашади. Ва биз ҳар бир мигрантнинг қаердалигини билиб турамиз», деди у.

Расмийнинг сўзларига кўра, шу туфайли мигрантлар бир шаҳардан иккинчисига «назоратсиз» кўчиб ўта олмайди.

Шунингдек, ҳукумат телефон ёрдамида мигрантларни ҳужжати муддати тугаётгани ёки давлат идорасига бориши кераклиги ҳақида огоҳлантиришни ҳам режалаштирмоқда.

2025 йил сентябрь ойидан бошлаб Москвада тажриба ўтказилмоқда: унга кўра, ишлаш учун келган барча хорижликлар ўз жойлашувини кўрсатиб турувчи «Амина» иловасини ўрнатиши шарт. Агар геолокация маълумотлари кетма-кет уч кун давомида келиб тушмаса, чет эл фуқароси рўйхатдан чиқарилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид