Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент куз-қиш олдидан энергетика муаммоларини ҳал этишни топширди
Президент Шавкат Мирзиёевга ёқилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатлар таҳлили тақдим этилди. Давлат раҳбари куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида электр ва газ таъминотидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш, тармоқларни таъмирлаш ҳамда аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш бўйича масъулларга топшириқ берди.
Президент Шавкат Мирзиёевга 17 июль куни ёқилғи-энергетика соҳасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларда кўтарилган муаммоларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бартараф этиш юзасидан ахборот берилди.
Қайд қилинишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида ёқилғи-энергетика соҳасига оид 40 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 50 фоизи табиий ва суюлтирилган газ, 38,3 фоизи электр таъминоти билан боғлиқ.

Мурожаатларда асосан суюлтирилган газ баллонини тўлдириш, электр таъминотидаги узилишлар, электр тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда табиий газ босими билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
Куз-қиш мавсумидан олдин такрор мурожаатлар келиб тушаётган маҳалла ва объектларни хатловдан ўтказиш, электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудлар кесимида манзилли режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Айниқса, электр таъминотида узилишлар кўп кузатилаётган ҳудудларда тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш, табиий газ босими билан боғлиқ муаммолар мавжуд жойларда таъминот барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш ва аҳолига етказиб бериш графикларига қатъий риоя қилиш, эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларда қўшимча захира ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммоларни куз-қиш мавсуми бошлангунига қадар ҳал этиш бўйича топшириқ берди.
Мавзуга оид
17:50
Аномал иссиқ туфайли айрим ҳудудларда 2 соатлик электр чеклови жорий этилди
17:35
Президент Ўзбекистон маданиятини жаҳонда тарғиб қилиш режалари билан танишди
17:14
Чилонзор туманини электр узилишлари қамраб олди
18:42 / 16.07.2026