Ўзбекистон | 22:39 / 18.07.2026
1460
8 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги Кореяга борувчилардан 20 млн сўмдан ортиқ хизмат ҳақи ундирмоқда — ОАВ

Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаевнинг 2025 йил 24 июл кунги буйруғи билан, Кореяга ишлаш учун кетадиганлардан БҲМнинг 50 баравари миқдорида хизмат ҳақи ундирилиши белгиланган. Vatandosh нашри мазкур тўлов бошқа давлатларга ишга юбориш тўловига нисбатан каррасига баландлигига эътибор қаратди. Маълум бўлишича, Кореяга ишга борувчиларни жами 25 млн сўмдан ортиқ харажат кутади.

Миграция агентлиги эълон қилган видеодан кадр

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишга юбориладиган ватандошлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (20 млн 600 минг сўм) миқдорида хизмат ҳақи ундирмоқда.

Бу ҳақда агентлик директори Беҳзод Мусаев томонидан 2025 йил 24 июл куни имзоланган буйруққа асосланиб, Vatandosh нашри хабар берди.

ХДФУ (“Хизмат доирасида фойдаланиш учун”) мақомидаги 106-сонли буйруқда Миграция агентлиги томонидан хорижга ишга юбориш хизматлари учун тарифлар белгиланган.

Мазкур тарифларга кўра, Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишга юбориладиган Ўзбекистон фуқаролари Миграция агентлигига жами 50 БҲМ миқдорида хизмат ҳақи тўлаши белгиланган. Шундан 40 БҲМ хорижда ишга жойлаштириш хизмати учун, яна 10 БҲМ эса кетишдан олдинги ўқитиш ва мослаштириш хизмати учун ундирилади.

“Бир қарашда бу оддий тарифдек кўриниши мумкин. Бироқ ушбу буйруқда бошқа давлатлар учун белгиланган хизмат ҳақлари билан таққосланганда фарқ жуда катта экани кўринади.

Масалан, Японияга ишга юбориш хизмати учун жами 10 БҲМ белгиланган. Туркияга ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси орқали юбориладиган фуқаролардан эса атиги 3 БҲМ ундирилади. Европа давлатлари, Россия Федерацияси ҳамда қатор араб мамлакатларига юборилаётган фуқаролар учун эса 2026 йил охиригача агентлик хизматлари бўйича умуман тўлов белгиланмаган”, – дея ёзади Vatandosh.

Нашр бу борада бир қатор саволларни ўртага ташлаган:

  • Нега айнан Жанубий Корея учун хизмат ҳақи бошқа йўналишларга нисбатан бир неча баравар юқори? Нима учун Япония учун 10 БҲМ етарли деб ҳисобланган бўлса, Корея учун 50 БҲМ зарур деб топилган? Бу тариф қандай иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида шаклланган?

“Давлат органи томонидан белгиланадиган ҳар қандай тўлов субектив мулоҳазалар билан эмас, аниқ иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланиши лозим. Чунки гап хусусий компания белгилаган нарх ҳақида эмас, давлат идораси фуқаролардан мажбурий тартибда ундирадиган хизмат ҳақи ҳақида кетмоқда”, – дея қайд этган журналистлар.

Харажатларни Корея томони қоплайди

Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва Корея инсон ресурсларини ривожлантириш ташкилоти (HRDK) президенти Ли Ву Ёнг / 2025 йил октябр / Фото: Миграция агентлиги

Жанубий Кореяга меҳнат миграцияси хусусий воситачилар орқали эмас, икки давлат ўртасида амал қиладиган Employment Permit System (EPS) доирасида ташкил этилади. Ушбу тизимда ҳар бир босқич ваколатли давлат идоралари ўртасидаги расмий келишувлар асосида амалга оширилади.

Vatandosh'нинг ёзишича, HRD Korea ҳамда Ўзбекистоннинг ваколатли органи ўртасида 2022 йилда имзоланган Service Commitment Agreement мазкур муносабатларни тартибга солади.

Келишувга мувофиқ, HRD Korea имтиҳонларни ташкил этиш учун зарур тест материаллари, дастурий таъминот, назорат тизими, компютер ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминлайди. Шунингдек, имтиҳонларни ташкил этиш билан боғлиқ айрим ташкилий харажатларни ҳам қоплайди.

Ҳужжатда назарда тутилган молиявий механизмга кўра, HRD Korea Ўзбекистондаги ваколатли ташкилотга ҳар бир номзод учун 8 АҚШ доллари миқдорида entrusted fee (ишониб топширилган вазифаларни бажариш учун хизмат ҳақи) тўлайди. Келишувда ушбу маблағ маҳаллий ташкилий харажатлар, бинолардан фойдаланиш ва жалб этилган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш каби эҳтиёжларни қоплаш учун ажратилиши кўрсатилган.

Бундан ташқари, EPS-TOPIK имтиҳонида иштирок этаётган ҳар бир номзод тестда қатнашиш учун алоҳида 28 АҚШ доллари тўлайди. Бу маблағ тўғридан тўғри HRD Korea ҳисобрақамига ўтказилади. Демак, расмий ҳужжатларга кўра, имтиҳон жараёнининг муайян қисми Корея томонидан молиялаштирилади, номзод эса тест учун алоҳида ҳақ тўлайди.

Миграция агентлиги аввалроқ берган расмий муносабатида Кореяга кетаётган фуқаролар учун кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини эълон қилган. Унда кетишдан олдин тайёрлаш, мослаштириш, махсус кийим ва тарқатма материаллар билан таъминлаш, ташкилий кузатиш, Кореяда кутиб олиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш жойларида мониторинг ўтказиш ҳамда зарур ҳолларда фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш каби хизматлар қайд этилган.

Шу билан бирга, агентлик расмий маълумотига кўра, авиачипта, тиббий кўрик ва виза расмийлаштириш харажатлари мазкур тўлов таркибига кирмайди. Кетишдан олдинги ўқитиш ва мослаштириш хизмати учун эса алоҳида 10 БҲМ ундирилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, нашр яна бошқа саволларни ўртага ташлайди:

  • HRD Korea имтиҳонларни ташкил этишнинг бир қисми ва айрим ташкилий харажатларни молиялаштирса, ҳар бир номзод учун алоҳида хизмат ҳақи ҳам тўласа, номзод эса тест, тиббий кўрик, виза ва авиачипта харажатларини мустақил қопласа, унда агентлик томонидан ундирилаётган 40 БҲМнинг иқтисодий таркиби нималардан иборат?

  • Ушбу маблағнинг қанча қисми маъмурий харажатларга, қанча қисми фуқароларга кўрсатиладиган хизматларга, қанча қисми эса бошқа йўналишларга сарфланади?

“Ҳар қандай давлат хизмати учун ҳақ белгиланаётган экан, фуқаро ушбу тўлов нима учун ундирилаётгани, унинг таркиби нималардан иборатлиги ва маблағ қандай ҳисоб-китоблар асосида шаклланганини билиш ҳуқуқига эга. Бу фақат яхши бошқарув тамойили эмас, балки давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигига қўйиладиган асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Давлат хизмати хусусий хизматдан бир жиҳати билан фарқ қилади: унинг нархи нафақат белгиланиши, балки асосланиши ҳам керак. Агар муайян хизмат учун тўлов белгиланган бўлса, унинг калкуляцияси, харажатлар таркиби ва маблағларнинг қай тартибда сарфланиши жамоатчилик учун тушунарли бўлиши лозим. Бу давлат органига нисбатан ишончни таъминлайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Айниқса, Жанубий Кореяга ишлаш учун кетишга ҳаракат қилаётган фуқароларнинг аксарияти оддий меҳнаткашлар эканини инобатга олсак, мазкур масаланинг ижтимоий аҳамияти янада ортиб боради”, – дея ёзади Vatandosh.

Жами харажатлар 25 млн сўмдан ошади

Нашр Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишлашга кетаётган номзод томонидан амалга ошириладиган расмий ва мажбурий тўловлар рўйхатини келтириб ўтган:

1. EPS-TOPIK имтиҳони учун йиғим: 28 АҚШ доллари. Мазкур маблағ ҲРД Кореа ҳисоб рақамига ўтказилади.

2. Тиббий кўрик: Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан белгиланган K-Medwel клиникасида ўтилади. Хизмат қиймати ўртача 1 млн сўмни ташкил этади.

3. Виза йиғими: 70 АҚШ доллари

4. Миграция агентлигининг хорижда ишга жойлаштириш хизмати: 40 БҲМ (16 млн 480 минг сўм – 2026 йил июл ҳолатида)

5. Кетишдан олдинги ўқитиш ва мослаштириш хизмати: 10 БҲМ (4 млн 120 минг сўм)

6. Авиачипта: номзод томонидан алоҳида сотиб олинади. Амалда Миграция агентлиги бир нечта авиакомпаниядан нарх таклифларини олади ва энг мақбул таклиф бўйича бронлаштириш амалга оширилади. Авиачипта нархи рейс санасига қараб ўзгаради, аммо ўртача 3 миллион сўмдан бошланади.

7. Суғурта тўлови: назарда тутилмаган.

Шу тариқа, жами харажатлар 25 млн сўмдан ошиб кетади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид