Чилонзор-Ц мавзесидаги Premium Chilonzor турар-жой комплекси аҳолиси қарийб тўрт йилдан бери турли идораларга мурожаат қилиб келади, лекин натижа йўқ. Гап шундаки, сотув бўлимининг мижозларга ваъдаси бўйича, уйлар қаршисидаги майдон автотураргоҳ ва болалар майдончаси бўлиши керак эди, лекин амалда у ерда аллақандай бино қурилиб кетди. Қурилиш баҳсли бўлгани учун, ҳозир бу жой чиқиндихонага айланиб ётибди.
Одамлар кўчиб келиб яшай бошлаганига йиллар ўтган, автотураргоҳ, боғча ёки болалар ўйингоҳи ўрнида эса чиқиндихона...
“Уйни сотиб олишимиздан олдин бу ерда савдо дўкони бўларди. Уй олсанглар, шу ерда машина қўйиш учун бепул автопаркинг бўлади, дейишган. Лекин мана шунча йил ўтди, ҳеч қанақа автотураргоҳ бўлгани йўқ. Ўрнига офис биноси тушди. 2022 йилдан бери бу бино нотўғри қурилган бино экани ҳақида хат-ҳужжат қилиб қўйилган, лекин амалда ўзгариш йўқ”, – дейди мурожаатчилардан бири.


Ер майдони ва қурилиш объекти вақт ўтиши билан аввал Р.Султонхўжаевга, сўнгра Д.Алимовга олди-сотди шартномалари асосида ўтган. Янги мулкдор даврида қурилиш-монтаж ишлари узоқ йиллар давомида тўхтаб қолган ва қурувчи томонидан ташлаб қўйилган.
Аҳолининг тинимсиз мурожаатларидан сўнг қурилиш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларига мос келмагани, шунингдек, белгиланган муддатларда ижро ҳужжатлари тақдим этилмагани аниқланган. Мазкур жараёнда қурилиш ишларини охирига етказмаган ва берилган кўрсатмаларни бажармаган асосий масъул шахслар, дастлабки буюртмачи М.Мирхўжаев ҳамда кейинги эгалари Р.Султонхўжаев ва Д.Алимов ҳисобланади.
Шунингдек, вазиятнинг ижроси ва қонунийлигини назорат қилиш юзасидан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси, Тошкент шаҳар прокуратураси, Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари масъул этиб белгиланган. Аммо масъуллар томонидан бугун ҳеч бир чора кўрилмаяпти.


“Шу пайтгача биз Қурилиш вазирлигига, прокуратурага, Президентимиз девонхоналарига хатлар ёздик. Бу хатларга фақат юмшоқ жавоблар келяпти: “Шунақа бўлиб қолибди-да, анақа, мана бунақа бўлиб қолибди” каби қуруқ важлар билан келишяпти. Бу қурилиш жойида бугун чиқиндилар, чаён, илон, уйсизлар ётибди. Юқоридаги вакилларимиз шу нарсани тўғри ҳал қилиб беришсин ахир. Автопарк бўладиган бўлса автопарк, бўлмайдиган бўлса, буни таги билан олиб ташлаб, шу ерда яшаётган халққа берилса, халқ бу ерни ўзи чиройли қилади, ўзи тўғрилайди”, – дейди мурожаатчи.
Қурилиш тўхтагач, қарийб 4 йилдан буён чала ётган 3 қаватли бино қаровсиз аҳволда қолган. Ҳудудда яшовчиларнинг айтишича, бу жой аллақачон чиқиндихонага ва шубҳали кимсаларнинг йиғин жойига айланган.

“Менда ҳам учта фарзандим борлиги учун хавотир оляпман. Неварам бор. Илон, чаёнлар юрибди дейишяпти, кўрганлар ҳам бор экан. Ҳар хил “бомжлар” келиб ётиб юрган экан бу ерда. Вояга етмаган фарзандларимиз бор, хавотир оламиз. Бизга уй сотилаётганда бунақа деб сотишмаган эди. Буни бузиб ташлаймиз ёки парковка қилиб берамиз дейишган эди. Мана, беш йил бўлди келганимизга, ҳануз ўзгариш йўқ”, – дейди болаларидан хавотир олаётган она.
Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан қонунбузарликларни бартараф этиш, тасдиқланган ижро ҳужжатларига мослаштириш ёки демонтаж қилиш бўйича объект эгасига 2024 йил давомида бир нечта расмий ҳужжатлар юборилган: 2024 йил 23 январда 6-сонли кўрсатма, 2024 йил 23 майда 5912-сонли ва 5911-сонли чақирув хатлари, 2024 йил 1 июлда 56-сонли ёзма кўрсатма ҳамда 2024 йил 14 августда 14343-сонли чақирув хатлари шулар жумласидан.

Чилонзор тумани прокуратураси (жумладан, туман прокурори У.Хабилжонов) ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб бориб, берилган ёзма кўрсатмалар талаблари белгиланган муддатда бажарилмагани, ҳолат қатъий назоратга олингани ва қўшимча мажбурий ижро этиш чоралари белгиланганини билдирган. Берилган огоҳлантиришлар ва юборилган хатлар тўлиқ бажарилмагач, ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан охирги чора сифатида масъул шахсга нисбатан қурилиш объектида демонтаж ишларини олиб бориш ва қонуний ҳолатга келтириш юзасидан суд органларига даъво аризалари киритилган. Яъни ҳозирги кунда муаммони тўлақонли ҳал этиш учун қонуний тартибда суд орқали бино мажбурий буздирилишига эришиш чоралари кўрилмоқда.

Фуқароларнинг талаби қатъий: 4 йилдан бери хавф туғдириб ётган қаровсиз бинога масъуллар тезроқ амалий ечим топсин. Шундан сўнг улар ер майдонини турар-жой эгалари ширкатига ўтказиш орқали қонуний тартибга солиб, асл лойиҳадаги автотураргоҳни ўз кучлари билан барпо этишмоқчи.
“Ўзимизга қўйиб беришсин. Президент қарорлари асосида ҳамма жойни яшил майдонга, яшил маконга айлантириб, бундан ҳам чиройли қилиб ўзимиз обод қиламиз. Фақат ерни бизга беришсин. Бунинг учун ҳеч ким ортиқча харажат қилмайди”, – деди аҳоли вакили.










