2018-2019 ўқув йилига янги мактаб формасини татбиқ этиш устида ишланмоқда
19:10 / 14.12.2017
19175

14 декабрь куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши "Ёшлар пресс-клуби"да 16-17 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган "Имидж" ёш дизайнерлар телевизион танлови олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев, ёш дизайнерлар, Ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, "Имидж" танловини ўтказишдан асосий мақсад қобилиятли ёшларни кашф этиш, уларни йўналтириш ва қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, енгил саноат ва мода саноати учун муносиб кадрларни тақдим этишдан иборат.

Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши

Мазкур танловда дизайнерлар икки йўналиш бўйича ўзаро беллашишади:

1. Мактаб формаси моделлари;
2. "Ёшлар иттифоқи" логотипи билан эркин кийимлар ва аксессуарлар дизайнини ишлаб чиқиш.

Анжуманда берилган маълумотга кўра, шу йилнинг 13 ноябридан бошлаб юқоридаги икки йўналиш бўйича эскизлар қабул қилинган. 1 декабрь куни махсус ҳайъат аъзолари жами 983 нафар иштирокчидан 20 кишини танлаб олди. Ўн кун давомида Ёш дизайнерлар кенгаши томонидан танлаб олинган дизайнерларнинг ғояларини мукаммаллаштириш, матолар танлаш ва андозаларни ишлаб чиқишга кўмаклашилди ва шу тариқа 70 та модель тайёрланди. 

Тадбирда мактаб формалари йўналишига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан экспертларнинг маълум қилишича, мактаб формалари намуналарини ишлаб чиқишдан аввал ўқувчиларнинг ота-оналари, мактаб директорлари билан суҳбатлар ўтказилган, уларнинг фикри ўрганилган, ўқувчилар янги формаларда эркин, ўзларига ишонган ҳолда ҳаракатлана олиши каби омиллар инобатга олинган. 

Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши

"Ёш дизайнерлар" ННТ Кенгаши раҳбари Дилноза Умрзоқованинг KUN.UZ'га берган маълумотига кўра, танловда ғолиб бўлган дизайн асосида Ўзбекистоннинг ўзида экологик тоза матолар ишлаб чиқарилиб, улардан мактаб ўқувчилари формалари тикилади. Шунингдек мактаб формалари матолари ва аксессуарларининг сифатига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

Дизайнерлар томонидан тақдим этилган ишлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг расмий сайти (www.yi.uz)да овозга қўйилди. 16-17 декабрь кунги танловда барча моделлар кўздан кечирилиб, ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб эълон қилинади. Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, танловда ғолиб чиққан мактаб формаси намунаси 2018-2019 ўқув йилида татбиқ этилиши кутилмоқда.

Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши

Танлов ташкилотчилари: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, "Ёш дизайнерлар" ННТ Кенгаши, Халқ таълими вазирлиги, ТИФ Миллий банки ва бошқа тегишли ташкилотлар. 


Улашинг
Top