САВОЛ: Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлсам ва она тилида яхши сўзлаша олсам ҳам мулат бўлганим туфайли ишга олишга рад этишлари мумкинми?

Д.Тошев

ЖАВОБ: Йўқ, мумкин эмас. Ишга қабул қилишни рад этиш меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эга бўлиш, меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши ҳақидаги Меҳнат кодексининг 6-моддаси биринчи қисмининг қоидаларига зид ҳисобланади. Кўрилаётган масала бўйича, Меҳнат кодексининг 6-моддаси биринчи қисимида бевосита санаб ўтилган ҳоллар бўйича (жинси, ёши, ирқи, миллати, тили ва бошқалар) ишга қабул қилишни рад этиш ноқонуний бўлади.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 6-моддаси биринчи қисмида келтирилган ҳолатлар рўйхати тугал эмас. Яъни, ходимнинг касбий сифатлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай чеклаш ёки афзалликлар бериш меҳнатга оид муносабатларда камситилиш, деб топилиши мумкин.

Агар сиз зарур касбий сифатларга эга бўлсангиз, бошқа ҳар қандай сабабга кўра, шу жумладан, сиз мулат бўлганлигингиз сабабли рад қилиш мумкин эмас.

Касбий сифатлар деганда қуйидагиларнинг мавжудлиги тушунилади:

а) тегишли касбий-малакавий сифатлар (маълум бир касб, мутахассислик, малака);

б) ушбу ишни бажариш (тегишли лавозимни эгаллаш) учун зарур бўлган шахсий сифатлар: маълум бир таълим даражаси, тегишли мутахассислик бўйича иш тажрибаси, соғлиғининг ҳолати ва ҳок.

Агар сизни ишга қабул қилишни рад қилишса, сиз бундай рад этишнинг асосини талаб қилишингиз мумкин. Ишга қабул қилишни рад этишнинг асослари, албатта, ёзма шаклда берилиши лозим. Агар рад этишнинг сабаблари ҳақида оғзаки маълум қилинган бўлса, Меҳнат кодексининг тегишли талаби бажарилмаган ҳисобланади. Бундан ташқари, ишга қабул қилишни рад этишнинг асослари ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Агар асослар бошқа шахслар (масалан, кадрлар бўйича инспектор, кадрлар хизмати раҳбари ва б.) томонидан имзоланса, Меҳнат кодекси 78-моддаси учинчи қисмининг талаблари бажарилмаган ҳисобланади.

Саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юридик хизмати раҳбари Давлатназар Матрасулов жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.