«Ливерпуль» Коутиньони қўйиб юборишга тайёр
22:00 / 02.01.2018
12034
Фото: Telegraph

Испаниялик журналист Гильем Балаге «Ливерпуль» яримҳимоячиси Филиппе Коутиньонинг «Барселона»га трансфери билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

«Коутиньо келажаги ҳақида гапирадиган бўлсам, «Ливерпуль» уни сотишга тайёр. Клуб барча таклифларни ўрганиб чиқмоқчи эканини маълум қилган.

Айни пайтда «Ливерпуль» олдидаги муҳим вариантлар: уни ҳозир сотиш, уни ҳозир сотиш ёки уни ёзгача ушлаб қолиш. Уни иложи борича кўпроқ ушлаб қолиш варианти энг чеккага сурилди.

Шундай бўлса-да, «Барселона»дан ҳеч қандай таклиф тушмади... ҳозирча», – деб ёзди Балаге твиттер саҳифасида.

Бундан аввалги хабарларда «Ливерпуль» футболчисини клубда сақлаб қолишга ҳаракат қилаётгани айтилганди. Жумладан жамоа бош мураббийи Юрген Клопп бразилиялик футболчига сардорлик боғичини таклиф этаётгани, «Ливерпуль» президенти Том Вернер эса унга янги шартномада маошини кўтариб беришни ваъда қилаётгани айтилган. Аммо Коутиньо фикрини ўзгартирмаган ва «Барселона»га ўтиш аҳдидан қайтмаган. 


Улашинг
Top