Академиклар гуруҳи олий ўқув юртларини оталиққа олишади
21:20 / 09.01.2018
8090

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган барча вазифалар мамлакатимиз тараққиёти йўлида муҳим дастурул амал бўлиб келмоқда.

Президент Ш.Мирзиёев фармонига асосан «Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш вазирлиги» ташкил этилди. Вазирлик илм аҳли вакиллари билан мунтазам ҳамкорлик ҳамда уларнинг бой тажрибаларидан фойдаланишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан 22 йиллик узоқ танаффусдан сўнг академикликка тасдиқлаш учун энг муносиб олимларни танлов асосида саралаб олиш ишларига якун ясалиб, академиянинг Ҳайъати ва фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзолари тавсиясига кўра, Фанлар академиясининг 32 нафар янги ҳақиқий аъзолари тасдиқланди.

Академиянинг янги, ҳақиқий аъзолари томонидан амалга ошириладиган ишлар, ўтказиладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир академик учун йўл харитаси тузилди.

Ўзбекистонни Инновацион ривожлантириш вазирлигида Фанлар академиясининг 32 нафар янги ҳақиқий аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ана шу харитада белгилаб қўйилган масалаларга эътибор қаратилди, дея хабар беради KUN.UZ’га вазирлик матбуот хизмати.

Йиғилиш давомида академиклар «Илм-фансиз келажак йўқ» ғояси асосида келажак учун режалар ишлаб чиқиш, ёшлар орасида илм олиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга бўлган қизиқишни ошириш, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, барча соҳаларга инновацион ғояларни татбиқ этиш ва уларни ҳаётга жорий этиш масалалари тилга олинди.

Фото: Kun.uz

Йиғилишда вазир И.Абдураҳмонов амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз фикларини баён этиб, йиғилиш давомида айрим таклифларни илгари сурди.

Энди мана шу 32 нафар академиянинг янги аъзолари гуруҳларга бўлинган ҳолда республикада мавжуд бўлган 4та илмий тадқиқот марказлари, хусусан Юқори технологиялар маркази, Геномика ва биоинформатика маркази, Халқаро қуёш энергияси илмий тадқиқот институти, Шарқшунослик институти қошидаги илмий тадқиқотлар марказларига ташриф буюриб, амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар билан танишишади, бу эса турли йўналишларда фаолият олиб бораётган олимларнинг ўзаро ҳамкорликларини оширишга хизмат қилади.

Фото: Kun.uz

Шунингдек, ҳар бир гуруҳ аъзолари биттадан ўқув даргоҳини «илмий оталиқ»қа олиши ва ўша билим масканини том маънода ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг учрашувдан тўлқинланган академиклар худудлардаги мактаб ва коллеж ўқувчиларнинг навбат билан академиклар фаолият юритаётган масканларга ташрифини ташкиллаштириш ва ўзига хос илмий саёҳат амалга оширилиши керак деган ташаббус чиқишган.

Академикларни ёшлар орасида танитиш, уларнинг фаолиятлари, илмий ишларини кенг тарғиб этиш ва энг асосийси келажак эгалари орасида замонавий билимларни эгаллаш, илм олишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларга илмий мотивация беришни кўзда тутувчи бу таклифлар барчага маъқул келди. Таъкидлаш лозим, ушбу жараён нафақат пойтахтда, балки республиканинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 32 нафар янги ҳақиқий аъзолари

Физика-математика фанлари бўйича

1. Аъзамов Абдулла — Фанлар академияси Математика институти бўлим мудири

2. Баҳодирхонов Муҳаммадкабир — Тошкент давлат техника университети кафедра мудири

3. Баҳромов Саъдулла Абдуллаевич — Фанлар академияси физика-математика ва техника фанлари бўлими раҳбари-илмий котиби

4. Зайнобиддинов Сирожиддин — Андижон давлат университети профессори

5. Лақаев Саидаҳмад — Самарқанд давлат университети кафедра мудири

6. Усмонов Темурбек — Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лаборатория мудири

7. Эгамбердиев Шуҳрат Абдуманнопович — Фанлар академияси Астрономия институти директори

 

Кимё фанлари бўйича

8. Жалилов Абдулаҳад Тўробович — «Тошкент кимё-технологиялар илмий-тадқиқот институти» давлат унитар корхонаси директори

9. Иброҳимов Бахтиёр Тўлаганович — Фанлар академияси бош илмий котиби

10. Намозов Шафоат Сатторович — Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти лаборатория мудири

11. Тўраев Аббосхон Собирхонович — Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори ўринбосари

 

Биология фанлари бўйича

12. Абдураҳмонов Иброҳим Йўлчиевич— Инновацион ривожланиш вазири

13. Собиров Равшан Зоирович — Фанлар академияси Биоорганик кимё институти лаборатория мудири

14. Тожибоев Комил Шарофиддинович — Фанлар академияси Ботаника институти директори

 

Техника фанлари бўйича

15. Аллаев Қаҳроман Раҳимович — Тошкент давлат техника университети профессори

16. Эгамбердиев Ҳусан Зокирович — Тошкент давлат техника университети профессори

17. Мирсаидов Мирзиёд — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кафедра мудири

 

Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича

18. Сулаймонов Ботиржон Абдушукурович — Тошкент давлат аграр университети ректори

 

Тарих фанлари бўйича

19. Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич — Ўзбекистон Миллий университети профессори

20. Юсупова Дилорам Юнусовна — Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими

 

Иқтисодиёт фанлари бўйича

21. Абдураҳмонов Қаландар — Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори

22. Аимбетов Нагмет Каллиевич — Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси

 

Филология фанлари бўйича

23. Каримов Наим Фотиҳович — Қатағон қурбонлари хотираси музейи етакчи илмий ходими

24. Мирзаев Тўра — Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими

 

Юридик фанлар бўйича

25. Саидов Акмал Холматович — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

 

Педагогика фанлари бўйича

26. Жўраев Рисбой — Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти лойиҳа раҳбари

 

Тиббиёт фанлари бўйича

27. Аляви Анис Лютфуллаевич — Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари

28. Орипова Тамарахон Ўктамовна — Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика иммунология илмий маркази директори

29. Иноятова Флора Ильясовна — Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари

30. Қурбонов Равшанбек Давлатович — Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори

31. Назиров Феруз Ғофурович — Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори

 

Санъатшунослик фанлари бўйича

32. Ҳакимов Акбар Абдуллаевич — Фанлар академияси Санъатшунослик институти бўлим мудири


Улашинг
Top