Эшак гўшти ва ўлимтик: Буларни билмай еган инсонларнинг ҳукми қандай?
23:10 / 09.01.2018
62120

Ўтган ойларда интeрнeт сайтларида «Шаршара» бренди остидаги колбаса маҳсулотларига эшак гўшти қўшилиб, савдога чиқариб кeлишаётганлиги борасида расмий хабарлар тарқалди. Кейинроқ, Тошкент шаҳридаги бозорларга ўлимтик ва айниган гўштлар етказилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Ҳа, айбдорлар аниқланди, улар жиноий жавобгарликка тортилди. Лeкин бундай гўшт ва гўшт маҳсулотларини билмай истeъмол қилган одамларнинг ҳукми қанақа бўлади?

Ана шундай саволларга жавоб тариқасида Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг мақоласи KUN.UZ таҳриряити ихтиёрига келиб тушди, уни эътиборларингизга ҳавола қиламиз.

* * *

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир, дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборгани ҳақида баён бермоқда.

1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у ўлган киши учун хун тўлайди.

2. Унутиш, яъни ёдидан кўтарилиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш. Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичсаю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли моддий зарар етказилса, тўланади. Бир амал унутиш туфайли бажарилмаган бўлса, эслаган заҳоти дарҳол уни бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.

3. «Мажбур қилинган нарса», яъни бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкор бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очдириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар бунга мисол бўлади.

Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши каби хавфларгина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар ҳақида

Ейилган озуқа инсон вужудига сингиб, ўз таъсирини ўтказади. Масалан, баъзи дориларни ичсангиз, Аллоҳ у моддаларга берган хусусият туфайли танадаги оғриқ қолади, баъзилари истеъмол қилинса, асаб ўрнига тушади ва ҳоказо. Шунингдек, баъзи овқатлар иссиқлигингизни ошириб юборса, бошқаси совуқлигингизни оширади. Хулоса шуки, тановул қилинган озуқалар инсонга ҳар жиҳатдан таъсир ўтказади.

Тажрибалиларнинг таъкидлашича, дунёда эркаги урғочисини қизғонмайдиган бирдан-бир ҳайвон чўчқа экан. Балки шу боисдандир, чўчқа гўшти кўп истеъмол қиладиган халқларнинг эркаклари аёлларини қизғанмайдилар, бу масалада иффат ва номус нималигини билмайдиган даюсларга айланиб қолганлар.

Тиб олимлари чўчқа гўштида қон-томир ва юрак касалликларни тарқатувчи моддалар борлигини ҳам аниқлашди. Яна бошқа кўпгина зарарлари ҳам аён бўлди. Бу ҳақда ҳатто ўзлари чўчқа гўштини истеъмол қиладиган халқларнинг вакиллари, Қуръон ва Исломдан бехабар кишилар илмий ишлар қилдилар, алоҳида китоблар ҳам ёздилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилмишдир. Огоҳ бўлинглар! Ҳали, сўрисида ўтирган қорни катта одам, сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол билинглар! Унда нимани ҳаром топсангиз, ҳаром билинглар! дейди ҳам. Огоҳ бўлинглар! Сизлар учун; хонаки эшаклар, барча озиқ тишли йиртқич ва муоҳиднинг эгаси беҳожат бўлмаган, йўқотиб қўйган нарсаси ҳалол бўлмас! Ким бир қавм ҳузурига меҳмон бўлиб тушса, уни зиёфат қилмоқлари лозим. Агар зиёфат қилмасалар, унинг зиёфат мислича нарсани олишга ҳаққи бор», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Муоҳид — мусулмонлар ила аҳднома тузиб яшаётган ғайридин киши. Ана ўшандоқ одамнинг йўқотиб қўйган нарсасини топиб олган одам, бу ғайридиннинг нарсаси экан ўзимники қилиб олсам бўлаверади, деган фикирга бориши мумкин эмас.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни бизларни хачирлар, эшаклардан қайтардилар, отлардан қайтармадилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида типратикон зикр қилинди. Бас, у зот: «У ифлослардан бир ифлосдир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан типратикон ҳам ҳаром эканлиги келиб чиқади. Шунингдек, сичқон, калтакесак, илонлар ва уларнинг тоифасига ўхшаш бошқа зараркунанда ҳайвонлар ҳам ҳаромдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўри ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Яхшилиги бор бирорта бўрини ермиди!» дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.

Бу ҳадисдан Бўрининг ҳаромлиги келиб чиқади.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сиздан ер ҳайвонлари ҳақида сўраб келдим, тулки ҳақида нима дейсиз? дейилди.

У зот: «Тулкини ким ҳам ер эди», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан тулкининг ҳаромлиги чиқади.

Абу Воқид ал-Лайсийдан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар туяларнинг ўркачларини ёрар ва қўйларнинг думбасини кесиб олар эдилар. Бас, у зот: «Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда жоҳилиятнинг яна бир жаҳолатини Ислом дини қандоқ муолажа қилгани ҳақида сўз кетмоқда.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган пайтларда у ернинг аҳли тирик туяларнинг ўркачларини ёриб, ичидаги мойни олиб фойдаланишир ва шунингдек, тирик қўйларнинг думбаларидан кесиб олиб ишлатишар эдилар. Улар ҳайвонларга раҳм-шафқат қилиш нималигини билмас эдилар.

Аллоҳ таоло томонидан оламларга, жумладан, ҳайвонот оламига раҳмат қилиб юборилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга чидаб тура олмадилар ва:

«Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир», деб эълон қилдилар.

Шундоқ қилиб, ҳайвонларга мазкур турда азоб бериш барҳам топди ва тирик ҳайвондан кесиб олинган бўлак ўлимтик қандоқ ҳаром бўлса, шундоқ ҳаром қилинди.

Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичларни емоқдан наҳий қилдилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввал ўтган ҳадислардан биридаги маънони таъкидламоқда. Йиртқич ҳайвонлар турли ҳаром хариш нарсаларни, хусусан, ўлимтикларни ва шунга ўхшаш зарарли нарсаларни ейди. Шунинг учун ўзлари ҳам ўша нарсаларга ўхшаб ифлос ва зарарли бўладилар. Одамларни мазкур зарарлардан ҳимоя қилиш мақсадида йиртқич ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром қилинган.

Энг асосийси йиртқич ҳайвоннинг гўштини еган одамга ўша ҳайвоннинг йиртқичлик сифати ўтиб қолиши турган гап. Шунинг учун йиртқич ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичлардан ва тирноқли қушлардан наҳий қилдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Озиқ тишли йиртқичларга; шер, йўлбарс, қоплон, бўри, чиябўри, тулки, фил, маймун, айиқ каби ҳайвонлар киришини уламоларимиз ўз китобларида зикр этганлар.

Тирноқли йиртқич қушларга эса, бургут, лочин, қирғий, тасқара каби гўшт ейдиган қушлар киради ва уларнинг барчаси ҳаром ҳисобланади.

Шунингдек, «Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган» (Аъроф 157) маъносидаги оятга биноан қурт-қумурсқа, сичқон, илон, чаён, суварак, ари, қурбақа, типратикон, бурга, пашша, тошбақа каби нопок ҳайвонларни ейиш ҳаром ҳисобланади. Сиртлон ва тулкилар ҳам ейилмайди.

Ҳаром ўлган ҳайвон гўштига тақиқ

Хўш, аслида қайси ҳайвонларнинг гўшти ҳаром? Ислом дини бунга қуйидагича изоҳ беради. Касалликдан, бўғилиб, бошидан зарба еб ўлган, баланд жойдан йиқилиб парчаланиб кетган, яраланиб ўлган ёки бошқа йўллар орқали ўлдирилган ҳайвон гўшти ҳаром ҳисобланади.

Ёввойи ҳайвонлар томонидан ўлдирилган ёки ғажиб ташланган ҳайвонлар ҳам худди шу таркибга киради. Улар ҳам ҳаром ўлган бўлиб, гўшти нопок ҳисобланади. Аллоҳ таоло «Моида» сураси 3-оятида шундай марҳамат қилади:

«Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)».

Ушбу ояти каримадан яна шу нарса маълум бўладики, охирги беш ҳолатдаги ҳайвонларнинг жони чиқмай туриб, типирчилаб турган пайтида топиб, «бисмиллоҳ»ни айтиб сўйишга улгурилса, уларнинг гўшти ҳалол ҳисобланади.

Шу ўринда кишида савол пайдо бўлиши табиий. Ҳаром ўлган ҳайвон гўштини ейиш нима сабабдан тақиқланган?

Биринчидан, ҳаром ўлган ҳайвонларнинг жасади одамнинг кўнглини айнитиб, жирканишни келтириб чиқаради.

Иккинчидан, у инсон саломатлиги учун зарарли. Чунки, шаръий йўл билан ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда сўйилмаган ҳайвон гўштида инсон организми учун зарарли моддалар бўлади. Ўз ажали билан ҳалок бўлган бундай ҳайвонларнинг ўлимига аксарият ҳолларда касаллик ёки заҳарланиш сабаб бўлган бўлади. Шу сабабдан ҳам уларнинг гўштини истеъмол қилиш одам саломатлигини хавфга қўйиши эҳтимоли катта.


Улашинг
Top