8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

20:50 / 01.05.2019 54082

Газни четга кўпроқ сотиш энг тўғри йўлми?

Газ – ҳажми чекланган, қайта тикланмайдиган, яқин келажакда стратегик аҳамият касб этиши аён  бўлиб қолган энергия манбаси бўлмиш хом ашё турларидан бири. Уни тўғри тасарруф этиш мамлакатимиз эртасини белгилаши мумкин. Бу ҳақда бироз сўз юритамиз.

Аввало «тўғри тасарруф» нима экани ҳақида.

Табиий бойликлар тасарруфи
Табиий бойликлар ҳар қандай мамлакат учун қўшимча имтиёздир. Яъни, ер ости бойликлари кўп бўлган, «омади чопган» ҳар қандай давлат устунликка – бошқаларга нисбатан ривожланишда устунликка эга бўлади. Зеро, ер ости бойликлари ҳар қандай ривожланаётган давлат учун қўшимча кўмак ва ўзига хос трамплин вазифасини ўташи мумкин. Аммо бу ерда бир шарт бор – табиий бойликлардан унумли фойдаланиш лозим.

Табиий бойликни тасарруф этишнинг энг осон йўли – уни хом ашё сифатида сотиш. Бу эса уни энг арзон нархда сотиш дегани. Аммо арзон бўлса-да, сотиладиган хом ашёнинг ҳажми катта бўлса бу ҳам ривожланаётган давлат иқтисодиётига сезиларли кирим бўлади, турли катта-ю кичик лойиҳаларни амалга оширишга сармоя бўлади. Аммо бу ерда ҳам «аммо»лар бор...

Табиий бойликларини сотувчи ривожланаётган давлатнинг маъмурий тизими коррупциялашган, бюрократлашган бўлса, иқтисодиётда бозор иқтисодиёти механизмлари ўрнини маъмурий-буйруқбозлик тизими эгаллаган бўлса, лойиҳаларга ажратиладиган маблағларнинг катта қисми ҳавога кетади. Тўғри шаклланмаган маъмурий тизимнинг хусусияти ўзи шу – маблағлар талон-тарож бўлади. Яъни, шундоғам арзон нархда сотилаётган табиий бойликлардан келадиган даромад самарасиз истифода этилади. Алал-оқибат захиралар бир кун келиб тугаб битади ва мамлакат «тешик тоғора» олдида қолади. Бунга табиий бойликларини катта миқдорда экспорт қилаётган, аммо узоқ йиллар давомида иқтисодий ўсиши паст бўлиб келаётган давлатларни мисол қилиш мумкин.  

Табиий бойликларга «ўтириб қолиш»
Юқорида айтганимиздек, баъзи давлатлар айнан табиий ресурсларини хом ашё сифатида кўп миқдорда сотиши натижасида ривожланмай қолганини кузатамиз. Ва, аксинча, табиий ресурсларга деярли эга бўлмаган баъзи давлатларнинг иқтисодиёти жадал ўсганига гувоҳ бўламиз. Кишини таажжублантирувчи бундай тафсилотнинг сабаби нимада?

Биламизки, мўмай – меҳнатсиз топилган маблағ – ҳар қандай иқтисодиёт учун хавфли маблағ. Хоҳ у давлат иқтисодиёти бўлсин, хоҳ корхона ёки оила иқтисоди – мўмай даромаднинг ўта салбий жиҳатлари мавжуд:

  • Бундай даромад ҳеч бир ривожланиш концепциясининг, лўнда қилиб айтганда, режаларнинг, уринишларнинг натижаси ва узвий қисми бўлмайди ва шу сабаб унинг тасарруфи ножўя бўлади. Ножўя тасарруф эса тартибсизлик, ялтоқилик, текинхўрлик, ҳафсаласизлик ва яна кўплаб салбий иллатларни урчитади, тадбир кўриб иш қилиш қобилиятини ўлдиради ва алал-оқибат самарасизликка олиб келади.
  • Иқтисодий фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар, камомадлар, «тешиклар» текин келиб турган маблағлар билан «ёпилади». Натижада, йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилмаслик, тузатмаслик кўникмага айланади. Табиий бойликлар экспортига «ўтириб қолиш» эффекти юзага келади. Бундай «иқтисодий нашавандлик» ҳар қандай иқтисодиётни, табиийки, танг аҳволга келтиради.

Мўмай маблағларнинг хусусияти ҳақида аввалги мақолаларимиздан бирида батафсилроқ гапирган эдик.

Оддий мантиқ
Газ мавзусига қайтамиз. Энг оддий мантиқни ишга солиб ўйлаб кўрсак, газни импорт қилувчи (сотиб олувчи) мамлакатлар маълум фойдани кўзлаб газ импортига қўл уришади. Яъни, масалан, Хитой Ўзбекистон газини сотиб олиб, уни ўз ишлаб чиқаришларида ишлатади, маҳсулотини эса, Ўзбекистонга ҳам сотади ва бундан... фойда кўради.  

Энди яна ўша оддий мантиқни ишга солиб хулоса қиламиз – кимдир энергия манбасини четдан сотиб олиб, маҳсулот ишлаб чиқариб фойда кўраётган бўлса, энергия манбаси ўзиники бўлган давлат уни сотиб олаётган давлатга нисбатан бирқанча маҳсулот турлари бозорида устунликка эга бўлади. Демак, Ўзбекистон ўз газидан унумлироқ фойдаланиши учун уни кўпроқ сотиши керакми ёки маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлатиши керакми деган саволга оддий мантиқий жавобни топиб турибмиз – иккинчиси.

Ҳозирда ҳукумат доирасида, масалан, мамлакатда етиштирилаётган пахтани тола шаклида эмас, балки мато ва тайёр текстил маҳсулотлари шаклида чет элга сотишни ташкиллаштириш бўйича чоралар кўриляпти. Бу мантиқан мутлақо тўғри режа. Бироқ газдек қайта тикланмайдиган хом ашёга ҳам шу кўз билан қараш мақсадга мувофиқ бўларди.         

Хўш, пахтани мато ва кийимга айлантириш мумкин экан, Ўзбекистон шароитида газни пировардида қандай товарларга «айлантириш» ва маҳсулот бозорларида устунлигимизни таъминлаш мумкин? Бу тўғрида бироз фикр юритамиз.

«Фикр юритамиз» дедиг-у, аслида, саволимизга жавоблардан бири, деярли «ер юзасида».

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида эгаллаши мумкин бўлган ўрни, салоҳияти кўп миллиардлаб доллар билан ўлчанади. Қуёшли иқлим, меҳнаткаш қўлларнинг кўплиги, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига юқори талаб – булар мамлакатимизнинг яқин истиқболини белгилашга молик жиҳатлар. Мамлакат бўйлаб кенг миқёсда иссиқхоналар барпо этиб, таъбир жоиз бўлса, газимизни тотли мева-сабзавотларга айлантириб сотиш газни хом ашё сифатида сотишдан кўра бир неча баробар кўпроқ фойда олиш имконини беради.

«Генератор»
Иссиқхона яратиш арзон тадбир эмас, албатта, аммо маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар учун максимал қулай шароит яратилса, бу соҳа ҳам жадал ривожланишга юз тутишига шубҳа йўқ. Шундай қулайликлардан бири бу – иссиқхоналар учун ёқилғи масаласини осонлаштириш. Айнан шу масала тадбиркор учун Ўзбекистонда иссиқхона яратиш-яратмаслик қарорига таъсир этувчи ҳал қилувчи омил бўлади. Айнан шу масалага эътибор соҳани жадал ривожлантирувчи генератор вазифасини ўтаб бериши аниқ.

Етарлича газ захираларига эга бўлган Ўзбекистон яқин истиқболда иссиқхоналар мамлакатига айланиши мумкин. Бу учун эса масалага иссиқхоначи кўзи билан назар ташлаб, иссиқхона барпо этиш ва юритишни максимал осонлаштирувчи бир нечта ҳал қилувчи қарорларни қабул қилиш лозим бўлади, холос. Ҳатто «ура-урачилик» ҳам керак эмас – соҳа ўз-ўзидан ва ўз йўлида ривожланади.               

Иқлимимизнинг қулайлиги иссиқхоналарни иситиш даври қисқа бўлишини таъминлайди – қўшимча наф. Иссиқхоналарда сувни тежаш тизимлари кўзда тутилади – бу ҳам сув танқислиги шароитида муҳим ижобий жиҳат.

Энг муҳим жиҳат – мазкур соҳага қулай шароит яратиш индивидуал фаолликни оширади, ишсизликни камайтиради, мамлакатда ўрта синфни юзага келтириш муаммосини бир миқдорда енгиллаштиради.       

Хулоса ўрнида
Газни ишлаб чиқариш соҳаларида қўллаб, маҳсулотга «айлантириб» сотиш шубҳасиз уни хом ашё сифатида сотишдан фойдалироқлиги оддий калькуляторда ҳисоблаб кўрганда ҳам маълум бўлади.

Биз Нидерландия каби қишлоқ хўжалиги маданиятини юксакка кўтариб, шу соҳадан катта фойда кўраётган, шу соҳа эвазига яхши яшаётган мамлакатларни ҳавас билан тилга оламиз. Ҳолбуки, ўзимиз иккинчи Нидерландияга айланишимиз учун барча шароитлар мавжуд. Солиқ, бож, ишларга маъмурий аралашмаслик ва ўша ёқилғи масалаларини имкон борича ижобий ҳал қилсак бас.

Маҳаллий ишлаб-чиқарувчиларни қўллаш усулларидан бири уларга енгилликлар яратиш, чет эл рақобатчилари олдида устунликни таъминловчи қулайликларни туҳфа этиш. Кўплаб давлатлар табиий ресурслари бўлмагани учун бундай қулайликларни ўз тадбиркорларига бера олмайди. Бизда эса айнан шундай ресурслардан бири мавжуд. Бундан фойдаланишимиз лозим.

Шокир Шарипов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин.

Теглар

Top