Мазкур марказ тиббиёт соҳаси вакилларининг ташхислаш йўналишидаги малакасини маҳаллий талаб ва хорижий тажрибага асосан оширишни таъминлайди. Хусусан, диагностиканинг энг кенг тарқалган ва самарали ҳисобланган усули ─ ультратовушли ташхислаш (УТТ/УЗИ) бўйича кадрларни замонавий асосда қайта тайёрлайди.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда поликлиникалар миқдори икки ҳиссага, тиббиёт ходимларининг сони эса 12 фоизга ортган. 

“Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаштириш юқори суръатда ўсиб бормоқда. Ўз навбатида, янги, илғор ташхислаш ускуналарини олиб келиш билан бирга, уларнинг имкониятларидан самарали фойдалана оладиган кадрларни ҳам тайёрлаш зарурати туғилади. Бу ўқув-симуляцион марказнинг очилиши кадрларнинг ташхислаш бўйича кўникмаларини янгилаш, мамлакатда тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади, деган умиддаман”, ─ дея таъкидлади марказ очилишида иштирок этган GE Healthcare'нинг МДҲдаги президенти Нина Канделаки.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳабибулло Оқиловга кўра, кейинчалик марказнинг техник базасини замонавий асосда янада кенгайтириш мақсад қилинган. 

“Таълим тизимида олинган билимларни бевосита амалиётда қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Бу янги марказ ҳам республикада тиббиёт кадрларининг ташхислаш борасидаги малакасини узлуксиз тарзда оширишни мақсад қилади. Айниқса, аёллар саломатлиги ва перинатал тизимда ташхислашнинг сифатли йўлга қўйилишида ушбу марказнинг очилиши муҳим амалий қадам бўлди”, ─ дея қўшимча қилди у.

Марказда олиб бориладиган таълим дастури ультратовуш замонавий диагностикасидан самарали ва хавфсиз асосда фойдаланиш бўйича амалий кўникмани шакллантиришга йўналтирилган. Таълим маърузалар ва амалий тренингларни қамраб олади. Марказда олинган назарий билимларни бевосита замонавий қурилмаларда амалий қўллаб кўриш имконияти мажуд. 

Бир йилда 150 нафар кадрнинг малакасини ошириш қувватига эга бўлган марказда таълим Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва GE Healthcare мутахассислари томонидан олиб борилади.