9061 USD +179.00

10092.1 EUR +163.84

138.47 RUB +2.09

10926.7 GBP +151.91

22:37 / 08.08.2019 3316

"Маърифат" тарғиботчилар жамияти раҳбари жамиятнинг шиорлари халқчил эмаслиги ҳақидаги танқидга жавоб қайтарди

Бугун, 8 август куни Республика Маънавият ва маърифат марказида «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларини самарали ташкил этиш юзасидан тарғиботчилар учун ўқув семинари ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унда маърузачилар томонидан мустақиллик байрами олдидан худудларда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказувчи «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоларининг асосий вазифалари нималардан иборат эканлиги, тарғиботчи маданияти, ташвиқотнинг сир-асрорлари ҳақида маълумот берилган.

Kun.uz мухбири жамият раҳбари Бахтиёр Ҳусановга тарғибот тадбирларида илгари сурилаётган шиорлар, ғояларнинг айримлари ҳар жиҳатдан эскирганлиги, одамлар тушунмаслиги, масалан, кўп ҳолларда мустақиллик халқимизнинг азалий орзуси бўлгани борасидаги гаплар қайта-қайта такрорланиши, ваҳоланки, мустақил бўлганимизга йигирма саккиз йил тўлаётгани борасида савол берган. 

Ҳусанов саволга қуйидагича жавоб берди:  

«Аслида бугунги йиғиннинг мақсади ҳам шу - бу йилги тарғибот тадбирларини янгича тарзда ўтказиш. Шахсан менинг охирги уч йилдаги мустақиллик байрамларини ўтказишдаги шиорлардан кўнглим тўляпти». 

Охирги уч йилликдаги тарғибот тадбирларида фойдаланилаётган шиорлар ўзига маъқул келаётганини яна бир бора таъкидлар экан, «Ўйлайманки, яқин уч йилликдаги шиорлар халқимизни бирлаштириш, мафкурамизни тўла ифодалаш вазифасини тўла бажаряпти. Мана шу ғоялар атрофида нафақат биз тарғиботчилар, балки барча ОАВ ходимлари ҳам бирлашишимиз керак!», деди «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов.

Top