15:00 / 02.02.2020
0
6165
550 нафар бола учун янги МТТларга ғишт қўйилди – Вазирликдан янги лойиҳа

​​​​​​​31 январь куни реабилитация марказига эга кўптармоқли ҳамда умумий типдаги МТТлар орқали 550 нафар болани мактабгача таълим билан қамраб олувчи лойиҳа старт олди.

Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент вилояти, Қибрай туманида қурилиши режалаштирилган илк МТТга дастлабки тош қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«ЛУКОЙЛ» компанияси ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 12 миллион АҚШ доллари ажратган.

Қурилиш бўйича келишув эса Мактабгача таълим вазирлиги ва «ЛУКОЙЛ»  компанияси томонидан 2019 йилнинг июлида имзоланган эди.

Хайрия лойиҳасига кўра, Тошкент ҳамда Қашқадарё вилоятларида алоҳида парваришга муҳтож болалар учун реабилитация марказига эга бўлган 150 ўринли кўптармоқли МТТлар, Бухоро вилоятида эса 250 ўринга мўлжалланган умумий типдаги МТТ қурилиши режалаштирилган.

Ушбу МТТлар болалар қамровини 550 ўринга оширади.

«Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш, мактабагача таълим тизимининг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. МТВ ҳолатни яхшилаш учун фаол ҳаракат қилмоқда. Янги МТТлар қурилмоқда, мавжудлари таъмирланмоқда ҳамда уларнинг қуввати оширилмоқда.

Бундан ташқари, МТВга илгари мактабгача таълим тизими структурасида бўлган, кейинчалик бошқа мақсадларда ишлатилаётган бинолар ҳам қайтарилмоқда.

Биз бугун бизнес вакиллари болаларга ёрдам бераётганидан хурсандмиз. «ЛУКОЙЛ» компанияси туфайли ҳудудлардаги 550 бола сифатли мактабгача таълимга эга бўлади. Ушбу реабилитация маркази МТТ тарбияланувчиларидан ташқари йилига профессионал кўмакка муҳтож 5-7 минг болага ҳам ёрдам кўрсатади», дея қайд этган Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ўз чиқишида.

Амалга ошириладиган лойиҳаларда жисмоний ва ақлий ҳолатига кўра алоҳида парваришга муҳтож бўлган болалар учун МТТ ва тиббий муассаса бирлаштирилади. Уларда замонавий физотерапия, уқалаш кабинети, майда моторикани ривожлантириш, сенсор хоналари, ижтимоий–маиший мослашув, мусиқа, арт–терапия хоналари ҳамда шифокорлар кабинетлари мавжуд бўлади.

Тошкент вилояти ва Қаршидаги лойиҳалар учун Нукусдаги реабилитацион марказга эга «Имкон» ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти намуна қилиб олинган.

«Биз Мактабгача таълим вазирлигининг олийжаноб ҳаракатларида иштирок этаётганимиз ҳамда «Имкон» лойиҳаси ривожига камтарона ҳиссамизни қўшиш учун имконият берилаётганидан хурсандмиз», дея таъкидлаган маросимдаги чиқишида «ЛУКОЙЛ Узбекистан оперейтинг компани» МЧЖ бош директори Степан Гуржий.

Бино ва иншоот объектларини лойиҳалаш, қуриш, жиҳозлаш ва ишга тушириш ишлари 2021 йил 1 июлга қадар амалга оширилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top