14:00 / 03.02.2020
0
5546
Ҳамма телефонга бир хил қувватлагич. Apple нега Европарламентнинг таклифига қарши?

30 январь куни Европарламентда қизиқ мавзу кўтарилди. Евродепутатлар Европа Иттифоқига олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган телефон, планшет, фотоаппарат ва бошқа электрон ускуналар учун ягона қувватлаш мосламаси ишлаб чиқиш таклифини билдиришди. Европарламентда нима учун бу мавзу кўтарилди? Apple’га бу ғоя нега ёқмаяпти?

2009 йилда ҳам бу мавзу анча жиддий тус олган ва барча телефонлар Micro-USB кўринишидаги ягона қувватлаш тизимига ўтиши кутилганди, аммо ўшанда ишлаб чиқарувчилар мавжуд 30 хил қувватлаш тизимидан воз кечиб уч хил тизимга ўтганди. Кейинчалик бу мавзу 2014 йилда ҳам муҳокама қилинди, охир-оқибат ҳамма ўз қувватлагичини ўзи танлайдиган бўлди.

Бу гал эса Европарламентдагилар барча телефонларни бир хил қувватлагичларга ўтказмоқчи. Яъни, иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва ЕИга олиб кириладиган ҳар қандай телефон бир хил қувватлаш тизимига эга бўлиши керак. Масалан, Samsung телефонини iPhone’нинг қувватловчи ускунаси орқали ҳам зарядлаш мумкин бўлади.

Йилига 51 минг тонна чиқинди

Биласиз, Европа Иттифоқи экология масалаларига жуда жиддий қарайди, Европа банклари ҳам экологияни асрайдиган, энергия тежамкор лойиҳаларни иккиланмай молиялаштиришади. Европарламент вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, телефон қувватлагичларнинг ҳар хиллиги ва тез-тез ўзгариши йилига 51 минг тонна ортиқча чиқинди пайдо қиляпти. Барча телефонларнинг бир хил қувватлагичда бўлиши бундай чиқиндилар камайишига сабаб бўлади.

Европарламент депутати Иварс Иябс бу борада шундай деди: «Телефонлар учун ҳар сафар янги қувватлагич сотиб олиш истеъмолчиларга қимматга тушади. Европа Иттифоқи телефонлар учун ягона қувватлагич ишлаб чиқиш талабини тезлаштириш орқали одамларнинг ҳаётини осонлаштиришимиз керак».

Apple нега бунга қарши?

АҚШнинг Apple компанияси Европарламентнинг бу таклифини маъқулламади. Apple бу қарор инновация йўлини тўсишини иддао қилмоқда. Бундан ташқари, корхона евродепутатларга ўзларининг гаплари билан боплаб жавоб берди: «Apple инновацияни қўллаб-қувватлайди. Европа Иттифоқининг бу таклифи истеъмолчиларга зарар келтириш билан бирга технология ривожининг йўлини тўсади. Lighiting қувватлов тизимидан дунёда миллиарддан зиёд инсон фойдаланади. Янги қувватлагичлар ўрнатилиши эса жуда катта миқдорда чиқиндиларни келтириб чиқариши мумкин».

ЕИ депутатлари чиқиндилар кўпайиши ҳақида гапираётганда Apple бу қарор янада кўпроқ чиқинди пайдо бўлишига олиб келади деб ҳозиржавоблик қилди.

Маълумот учун, Apple 2009 йилда 10та йирик корпорациялар билан меморандум имзолаган ва унга кўра қувватлов тизимини micro-USB’га ўтказиш мажбуриятини олганди. Корхона бу мажбуриятни ҳар бир телефонига махсус адаптер қўшиб бериш орқали бажарганди. Лекин агар Европарламент қарор қабул қилса, Apple талабни бажаришга мажбур бўлади, чунки ЕИдаги жуда катта миқдордаги мижозларини йўқотиб қўйиши мумкин.

Бу Хитойга зарба эмасми?

Ўз-ўзидан бундай қарор Хитой учунми деб ўйлаш табиий, чунки дунё бўйлаб телефон қувватлагичлари (айниқса арзон қувватлагичлар) ишлаб чиқаришда Хитой етакчи ҳисобланади. Дунёнинг қайси нуқтасига боринг оригинал қувватлагичлардан арзон бўлган Made in China ёзувли зарядлаш ускуналарини кўрасиз. Табиийки, арзонроқ бўлган Хитой маҳсулотлари оригиналларидан кўпроқ сотилади...

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top