22:19 / 13.02.2020
1
15533
Жефф Безос Лос-Анжелесда рекорд нархга кўчмас мулк сотиб олди

Amazon асосчиси ва дунёнинг энг бой одами Жефф Безос Лос-Анжелесда 165 млн долларга ер-мулк харид қилди. Миллиардер кўчмас мулкни медиамагнат Дэвид Геффендан сотиб олган.

Фото: Reuters

Ер-мулк учун тўланган нарх Лос-Анжелес округи кўчмас мулк бозори учун рекорд қиймат бўлди, деб хабар берди The Wall Street Journal.

Гап Беверли-Хиллзда жойлашган Warner Estate ер-мулки ҳақида бормоқда. Ер-мулк майдони 3,6 гектарни ташкил қилади. У 1930-йилларда Warner Bros кинокомпанияси директори Жек Уорнер учун лойиҳаланган. Таъкидланишича, бу ерда кенг террасалар, катта боғлар, бир неча меҳмон уйлари, теннис корти ва гольф майдони бор. Геффен ушбу кўчмас мулкни 1990 йилда 47,5 млн долларга сотиб олган.

Умуман олганда, АҚШ кўчмас мулк бозори учун рекорд нарх 238 млн долларни ташкил қилади. Citadel хеж-фонди асосчиси Кеннет Гриффин 2019 йил январда Нью-Йоркдаги ҳашаматли пентхаус учун айнан шу миқдордаги пулни тўлаган.

Дунё кўчмас мулк бозори учун рекорд нарх эса 2017 йилда ўрнатилган бўлиб, Ҳонгконгдаги уйга 361 млн доллар тўланган. 

Айни вақтда бойлиги 132 млрд долларга баҳоланаётган Безос аввалроқ Нью-Йоркда умумий майдони 1500 квадрат метрдан кўпроқ бўлган 3 квартирани 80 млн долларга сотиб олганди.  

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top