10:27 / 07.03.2020
0
12639
Ўзбекистонда Tax-free тизими қачондан бошлаб жорий этилиши маълум бўлди

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими жорий этилади

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизими Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 1 июлдан жорий этилиши кутиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Бунда ушбу Низомда “Tax-free” тизимида иштирок этувчи чакана савдо ташкилотлари томонидан бериладиган, олиб чиқиб кетилаётган товарларга нисбатан қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун асос бўлувчи “ҚҚС қайтарилиши учун чек” махсус шаклдаги чекнинг шаклини ҳамда чакана савдо ташкилотларини “Tax-free” тизимида иштирок этишини билдирувчи махсус эмблемаларнинг намуналарини кўзда тутади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда “Tax-free” тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи “Tax-free” тизимининг Ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати тузилмасида белгиланган умумий штатлари сони доирасида 2 та штат бирлигидан иборат бўлган қўшилган қиймат солиғини чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга махсус қайтариш пунктлари билан ишлаш секторини ҳамда ҳудудий бўлинмалари тузилмасида белгиланган умумий штатлари сони доирасида 11 та штат бирликларидан иборат бўлган махсус қайтариш пунктларини ташкил қилади;

2020 йилнинг 1 июлига қадар Uzbekistan Airports АЖ билан биргаликда махсус қайтариш пунктларини Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларида Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини ўтказиш пунктларини орқали кесиб ўтилганидан сўнг нейтрал ҳудудларда жойлаштирилишини ҳамда уларни зарур ускуналар ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тегишли ҳисоб-китобларга асосан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун зарур бўлган маблағларни ҳар ой якунлари билан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларни камайтирган ҳолда ажратиб боради.

Белгиланишича:

“Tax-free” тизимининг Ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича буюртмачи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳисобланади;

“Tax-free” тизимининг Ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда махсус қайтариш пунктларини зарур ускуналар ва замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top