21:20 / 05.05.2020
10854
Кредитларсиз маблағ жалб этиш мумкинми? Ўзбекистон капитал бозори ҳақида суҳбат

Пандемиядан сўнг, иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтиш учун ресурс, хусусан маблағ талаб этилади. Корхона ва ишлаб чиқариш тармоқлари банк кредитларисиз маблағларни жалб этишнинг муқобил ечимидан хабардорми?

Капитал бозорни ривожлантириш агентилиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунбой Маҳкамов барча компаниялар биржа иштирокчисига айланиб, фаолиятига зарур қўшимча маблағларни жалб этиш имкониятига эга эканлигини билдирди. У бу ҳақдаги мулоҳазаларини Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилган.

«Инқироздан чиқаётган пайтда, ликвидни қидириб келган корхоналар учун, ҳам инвестиция қилмоқчи бўлган инвесторлар учун алтернатив вариант – капитал бозори бўлиши мумкин.

Инфраструктура жиҳатдан қараганда имкониятлар ҳаммаси бор. Уларни мукаммал шароитда, деб айтиб бўлмаса ҳам, лекин у мавжуд. Aсосий, бу ерда капитал бозори барқарор ва мустаҳкам ишлай олиши учун ликвидлигини оширишимиз керак. Ҳозир ликвидлик даражаси паст бўлганлигининг сабабларидан бири, бозорда иштирокчилар кам. Қанча иштирокчиларини кўпайтирсак, бозорнинг ликвидлиги шунчалик ўсади. Масалан, хорижий давлатда капитал бозори бугунги даражага етишишига анча йиллар кетган. Лекин биз ҳозир шу нарсани тезлаштириб ликвидликни ўзимиз ўстириб боришимиз мумкин, лекин бунинг учун бизда давлат томонидан бу соҳа қўллаб-қувватланиши керак», – дейди у.

Маҳкамовнинг айтишича, ушбу мақсадларни амалга ошириш учун акция эмитентлари, биржа иштирокчилари ва инвесторларнинг бозорга кириш имкониятини ошириш керак.

«Пандемиянинг тугаши билан, инқироздан чиқаётган пайтда бутун дунёда, айниқса, ривожланаётган давлатларда капитал дефицити юзага келади. Биз ҳам ривожланаётган давлатлар қаторига кирамиз. Бу эса капитал дефицити бор давлатларда инвестицияларни жалб қилиш учун рақобат кўпайишини англатади. Мана шу жиҳатдан устунликка эришиш учун имкон даражасида ҳозир хорижий инвесторларга яхши шароитлар қилиб беришимиз керак. Масалан, капитал бозорга кирмоқчи бўлган хорижий инвесторлар маҳаллий инвесторларга қараганда деярли икки баравар кўп солиқ тўлайди. Бундан ташқари, ҳозир маҳаллий акциядорлик жамиятларни бозорга жалб қилиш учун қўшимча имтиёзларни фаол бермасак, хорижий ёки маҳаллий инвесторларни жалб қилишда ҳам ютқазиб қўйишимиз мумкин», – дея қўшимча қилди у.

Турсунбой Маҳкамов

Агентлик директори биринчи ўринбосарининг қайд этишича, Ўзбекистон капитал бозорининг асосий иштирокчилари йирик компаниялар – давлат компаниялари.

«Йирик хусусий компаниялар саноқли, деб айтсак ҳам бўлаверади. Хусусий йирик компанияларни кўпайтириш учун ҳолдинг тузилмасини ривожлантириш зарур. Мисол учун, бирор хусусий компания раҳбарининг 4-5та ўзга компанияси бўлиши мумкин. Барча тармоқни бирлаштириб, бошқарганда дивидендларга каскадли солиқ солиш бекор амалиёти пайдо бўларди. Лекин ҳозир янги Солиқ кодексида бу инобатга олинган ва бекор қилинган. Шунинг учун амалдаги Солиқ кодексида бу ҳолдинг структураларни жорий этишда қулайлик назарда тутилган», – деди у.

Суҳбат давомида капитал бозорига киришдаги асосий талаб ва шартлар ҳақида маълумот берилган. Интервьюни Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Top