22:45 / 14.05.2020
2049
Ferrari 4 карра жаҳон чемпиони Себастьян Феттел ўрнига янги пойгачи топди

“Формула-1” автопойгаларида қатнашувчи Ferrari жамоаси испаниялик пойгачи Карлос Сайнс билан шартнома имзолаганини эълон қилди. Сайнс жамоада 4 карра жаҳон чемпиони Себастьян Феттел ўрнини эгаллайди.

Фото: РБК

“Макларен”нинг 25 ёшли пойгачиси Карлос Сайнснинг “Феррари” билан шартномаси 2021 йилда кучга киради ва 2 мавсумга мўлжалланган. Жорий ҳафтада Ferrari Феттел билан 2020 йил охиригача мўлжалланган шартномани узайтирмаслигини эълон қилганди. У жамоани 2020 йилги мавсумдан кейин тарк этади.

“Формула-1”даги 5 мавсум давомида Карлос ўз истеъдодини ва техник тайёрлигини исботлади, шу сабабли у бизнинг оилага жуда мос келади. Биз мақсад “Формула-1”нинг чўққисига қайтишдан иборат бўлган янги даврани бошладик. Биз “Феррари”нинг охирги 50 йилдаги энг истеъдодли ва энг ёш пойгачилари жуфтлиги бўладиган Шарль Леклер ва Карлос Сайнс қўйилган мақсадларга эришиш учун комбинациялардан энг яхшиси бўлишига ишонамиз”, деб айтган жамоа раҳбари Маттиа Бинотто.

Карлос Сайнс ралли бўйича 2 карра жаҳон чемпиони Катта Карлос Сайнснинг ўғли бўлиб, у “Формула-1”да 2015 йилда Toro Rosso жамоаси таркибида дебют қилган. У италян жамоасида 3 мавсум ўтказгач Renault’га ўтган, 2019 йилдан эса Mclaren учун иштирок этади.

Карлоснинг “Формула-1”даги энг яхши натижаси ўтган мавсумда Бразилиядаги босқичда эгалланган 3-ўрин ҳисобланиб, у мавсум якунига кўра 96 очко билан 6-ўринни эгаллаган.  

Ўз навбатида кейинги мавсумда Сайнснинг Mclaren’даги ўрнини Renault пойгачиси Даниэль Риккардо эгаллайди. 

Феттел ўз фаолиятини қайси жамоада давом эттириши ҳозирча номаълум. Auto Bild нашрининг хабар беришича, пойгачи чемпион жамоа Mercedes билан шартнома туза олмаса, “Формула-1”даги фаолиятини якунлайди.

Айни вақтда коронавирус пандемияси сабабли пойганинг жорий мавсуми ҳали бошланмади. Янги мавсумнинг илк пойгаси 5 июлда Австрияда ўтиши кутилмоқда.

Top