16:27 / 28.05.2020
6924
Самарқандда пиллани талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда

Самарқандда пилла хом ашёсини талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ Kun.uz`га маълум қилди.

25 май куни соат 20:00 атрофида Паст Дарғом тумани «Боғишамол» МФЙнинг кириш жойида ўрнатилган 5-тўсиқ постида ҳудуднинг профилактика инспектори катта сержант А.Нуриддинов пиллани талон-тарож қилиш ҳолатларидан бирини аниқлади. У Иштихон тумани «Минглар» МФЙда яшовчи 1961 йил туғилган У.Х. бошқарувидаги «Спарк» машинасини тўхтатиб текширганда, транспорт воситасининг орқа ўриндиғидан жами оғирлиги 81 килограмм пилла хом ашёси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Шу куни соат тахминан 20:30 атрофида Иштихон тумани «Ғафур Ғулом» МФЙда яшовчи 1978 йил туғилган Д.Ю. бошқарувидаги «Эпика» русумли автомашина шубҳали кўрингани сабаб профилактика инспектори сафдор У.Муҳаммадиев томонидан текширилганда, транспорт воситасининг орқа ўриндиғидан жами оғирлиги 67 килограмм бўлган пилла борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Пилла хом ашёсини талон-торож қилинишига қарши курашда ўз ҳиссасини қўшган профилактика инспекторлари катта сержант А.Нуриддинов ва сафдор У.Муҳаммадиевлар моддий мукофотланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда пилла олди-сотдиси учун нарх белгиланмаган. У тижорий мақсадда етиштирилмайди ҳам. Пилла асосан давлат буюртмасига асосан фермерлар томонидан етиштириб берилади. Жаҳон бозорида эса пилла хом ашёсининг бир килограмми сифатига қараб 10-25 доллар атрофида баҳоланган.

Top