23:23 / 03.06.2020
5330
Лукашенко президент сайловлари арафасида Беларусь ҳукуматини истеъфога жўнатди

Беларусь президенти Александр Лукашенко амалдаги ҳукуматнинг истеъфоси ҳақидаги фармонни имзолади. 

Фото: tut.by

Бундан олдин, 3 июнда ўтган йиғилишда Лукашенко янги ҳукумат таркиби бўйича таклифни муҳокама қилган. Йиғилишда Беларусь кенгаши (парламентнинг юқори палатаси) раиси Наталья Кочанова, вакиллар палатаси (қуйи палата) раиси Владимир Андрейченко, президент маъмурияти раҳбари Игорь Сергеенко ва хавфсизлик кенгаши давлат котиби Андрей Равков иштирок этган.

Лукашенко вазирлар маҳкамаси таркибини тубдан ўзгартириш ниятида эмаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳукуматдан иқтисодий инқироз вақтида ўз иш ҳажмини уддалай олмаётганларгина бошқа ишга йўналтирилиши керак. Лукашенко гап айнан кимлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. 

Беларусь президенти “ҳукумат ўзгариши вақтида инқилоб юз беришини кутиш керакмаслигини” айтган. Унинг айтишича, бу барча давлатлар коронавирус пандемияси сабабли тўқнаш келган иқтисодий инқироз шароитида нотўғри бўлган бўларди.

Лукашенко 9 августда мамлакатда ўтадиган президент сайловлари олдидан янги ҳукуматни шакллантиришини май охирида эълон қилганди.

9 августда Беларусда президент сайловлари бўлиб ўтиши белгиланган. 1994 йилдан бери Беларусни узлуксиз бошқариб келаётган Лукашенко сайловлар ҳалол ва адолатли ўтишини айтган. Ҳозирда Лукашенконинг 5-президентлик муддати давом этмоқда ва у 2020 йилда якунига етади. Лукашенко 2001, 2006, 2010 ва 2015 йилларда ўтган сайловларда 75 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган. 

Май ўртасида Беларусь марказий сайлов комиссияси президент лавозимига 14 номзоднинг ташаббус гуруҳларини рўйхатдан ўтказган. Номзодни рўйхатдан ўтказиш учун уни қўллаб-қувватловчи 100 минг имзо тўплаш лозим. Лукашенконинг ўзи эса 6-муддатга ўз номзодини қўймоқчи.

Top