14:13 / 24.06.2020
6315
Ўзбекистонда Россиянинг кўп функцияли миграция маркази очилиши кутиляпти

Ўзбекистон ва Россия инвестиция ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири Михаил Решетников билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Учрашувлар чоғида саноат кооперацияси соҳасида ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни аниқ ташаббускорлар ва амалга ошириш муддатларини белгилаган ҳолда тасдиқлашни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди. 

Шунингдек, агросаноат мажмуи, енгил саноат, электротехника соҳаси, энергетика, автомобилсозлик, нефт ва газ тармоғи, ёғочни қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳавий таклифларни ўрганиш ишлари давом эттирилади. Таклифларни саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”га киритиш ҳам режалаштирилди.

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 21-мажлисини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Бу йўналишда биргаликда иш олиб боришдан мақсад асосланган ўзаро манфаатли инвестиция ва савдо битимлари тўпламини шакллантириш ва имзолашга тайёрлашдан иборат бўлади.

Шу билан бирга, инвестиция соҳасида шериклик, савдо айланмасини кўпайтириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштиришнинг самарали механизми сифатида минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида урғу беришга келишиб олинди. Шу нуқтаи назардан, Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган II Минтақалараро ҳамкорлик форуми ва «Made in Uzbekistan» Миллий маҳсулотлар кўргазмасига биргаликда тайёргарлик кўриш доирасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат бозорларига Россия ва Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Россия томони икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзаро савдо соҳасида ижобий тенденцияларини мустаҳкамлаш учун олиб борилаётган фаол ҳамкорликдаги ишлари яқин келажакда савдо ҳажмини 10 млрд долларга етказиш имконини беришини таъкидлади.

Ҳамкорликнинг йирик имкониятлари божхона фаолиятини тартибга солиш, божхона инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, сертификатлаштириш ва метрология стандартларини уйғунлаштириш соҳасида ҳам қайд этилди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистонда синов ва метрология лабораториялари тизимини модернизациялаш бўйича биргаликда амалий фаолият олиб бориш муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистондан Россияга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш учун республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бўйича аккредитациядан ўтган Россия лабораторияларининг бўлинмаларини очиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Россия вилоятлари ва йирик иш берувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш орқали Россия Федерациясида Ўзбекистон фуқароларининг бандлигини ташкил этувчи оператор бўлиб хизмат қиладиган кўп функцияли миграция марказини Ўзбекистон ҳудудида очиш ташаббуси муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Россия Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ўртасида тизимли ҳамкорлик олиб боришнинг шакли ва тартиби белгиланди. 

Умумий устувор вазифа сифатида янги инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари рўйхатини маромига етказиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш белгиланди, дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида. 

Top