18:08 / 07.07.2020
89894
Тошкентда яна бир бемор вафот этди. У ҳам уйида даволанишга урингани айтилди

Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 40 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган 79 ёшли бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

«Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 79 ёшли Х.Б. (эркак киши) жорий йил 19 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал безовта қилган. Шунга қарамай, мутахассисларга мурожаат қилмасдан бир ҳафта давомида уйида даволанган.

2 июль куни эса биринчи маротаба оилавий поликлиникага мурожаат қилган. Фуқародан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва хонадонида дезинфекция ишлари амалга оширилган.

Унга COVID-19, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, паркинсонизм касаллиги ташхиси қўйилган.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, вазирлик бугун эрталаб Самарқандда коронавирусдан яна бир ўлим қайд этилгани ҳақида маълум қилди.

Бундан ташқари, Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов бугун тушдан кейин эълон қилинган видеомурожаатида «куни кеча» вилоятда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилганини билдирди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча бу борада изоҳ берганича йўқ.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top