08:48 / 07.07.2020
40884
Уҳандаги лаборатория раҳбари коронавируснинг ташқарига чиқиб кетгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди

Уҳандаги вирусология институти лабораторияси директори, профессор Юань Чжимин лабораториядан коронавирус чиқиб кетгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди.

Профессорнинг таъкидлашича, унинг рухсатисиз лабораторияга “ҳатто чивин ҳам учиб кира олмайди”, чунки у ерда барча хавфсизлик чоралари таъминланган.

“Баъзи одамлар ҳайвонлар устида уларни сотиш учун тажрибалар ўтказганимиз ёки бу ҳайвонлар лабораториядан қочиб кетган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганларида лабораториямиз қандай тузилгани ва унинг фаолияти ҳақида тушунчага эга бўлмаганлар. Ходимларимиздан бирортаси институтдан ҳаттоки бир томчи сув олиб чиқиб кета олмайди”, деб айтган Юань Чжимин CGTN телеканали эфирида.

Уҳан биологик хавфсизлик миллий лабораторияси P4 лабораторияси сифатида ҳам маълум бўлиб, у ерда Эбола безгаги каби турли хавфли вирусларнинг 1,5 минг штамми сақланади. 

Аввалроқ Британия оммавий ахборот воситаларида Хитойда 2012 йилда SARS-CoV-2 коронавирусига генетик яқин бўлган вирус тарқалиши юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тадқиқот натижалари эълон қилинди. 

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, вируснинг намуналари 6 йилдан кўпроқ вақт давомида Уҳандаги лабораторияда сақланган. Маълумотларга кўра, коронавирус дастлаб RaBtCov/4991 номи остида ўрганилган, кейинроқ у RaTG13 деб қайта номланган. Лаборатория ходимлари 2012 йилдаги вирус тарқалишини яширишган.

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус Уҳандаги лабораториядан ташқарига масъулиятсизлик туфайли чиқиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. Апрель ўрталарида эса Fox News телеканали коронавирусга чалинган биринчи бемор Уҳан лабораторияси ходими бўлганини маълум қилган. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top