08:29 / 08.08.2020
4207
Президент электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти бўйича қарор имзолайди

Энергия ресурслари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти барқарорлигини янада ошириш режалаштирилган.

Президентнинг “Энергия ресурслари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти барқарорлигини янада ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бир ой муддатда электр энергияси истеъмоли ва тўловининг биллинг тизими “Электроҳисоб” дастурий комплекси маълумотлари асосида 2020 йилнинг 1 август ҳолатига маиший ва улгуржи истеъмолчилар рўйхатини уларнинг қарздорлиги ва ҳақдорлиги кўрсатилган ҳолда қоғоз кўринишида чоп этилиши, тикилган ва муҳрланган шаклда бухгалтерия ҳужжати сифатида сақланиши таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бир ой муддатда Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгандан бошлаб 2020 йил 1 августгача бўлган даврда Жамғармага электр энергиясини сотишдан ажратилиши зарур бўлган ва ҳақиқатда ажратилган маблағларнинг миқдори аниқлайди ва тегишли далолатнома расмийлаштиради.

Далолатнома асосида Жамғармага ортиқча тушган маблағлар бир ой ичида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қайтарилади ёки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Жамғармага ўтказилмай қолган маблағлар ўтказиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси электр энергияси учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтириш, шунингдек, электр энергияси сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш бўйича вазифа ва ваколатларини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга ўтказилиши муносабати билан бир ой муддатда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли биноларда фаолият олиб бораётган Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий филиалларини бошқа биноларга ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг энергия ресурсларини сотишдан тушадиган маблағларнинг 5 фоизини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг алоҳида депозит ҳисоб рақамида жамлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Белгилаб қўйилишича, депозит ҳисоб рақамидаги маблағлар биринчи навбатда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда юзага келган кредитор қарздорликларни ва жалб қилинган кредитларни тўлашга йўналтирилади.

Республика миқёсида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилаётганлиги муносабати билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг тузилмаларига биринчи навбатда мазкур тизимни эксплуатация қилиш бўйича билимга эга бўлган ходимлар танлов асосида жалб қилинади.

Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 2020 йил 1 октябрга қадар “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.

Top