21:50 / 08.08.2020
12527
Репортаж: Тошкентда бир марталик ёрдам пули учун рўйхат қандай шакллантирилди ва моддий кўмак кимларга берилди?

Июль ойи охирида Вазирлар Маҳкамасининг коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида фармойиши қабул қилинган, унга асосан эҳтиёжманд оилаларга 150 млрд сўм тарқатилиши белгиланган эди.

Қурбон ҳайити арафасида ва байрамнинг илк кунида – 30-31 июль кунлари мазкур маблағлар «темир дафтар»га киритилган оилаларга тарқатиб чиқилди.

Мухбиримиз Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларида ажратилган пул маблағлари кимларга тарқатилгани, «темир дафтар» қандай шакллантирилгани билан қизиқиб бир нечта маҳаллаларда бўлди, фуқаролар ва маҳалла раислари билан суҳбатлашди.

Шайхонтоҳур тумани

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Шайхонтоҳур туман бўлимининг Kun.uz`га маълум қилишича, «Темир дафтар»га ҳар бир сектор раҳбари томонидан муҳтож 2970та оилага ажратилган 3 млрд 564 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳар бир оилага 1 миллион 200 минг сўмдан етказилган.

Қайд этилишича, ушбу рўйхатдаги оилаларнинг 784таси ижтимоий ҳимояга муҳтож, 22таси кам таъминланган, 348таси пандемия даврида даромадини йўқотган, 506таси уй карантинига олинган оилалардир. Шунингдек, 816та оилада ногиронлиги бўлганлар, 223та оилада оғир касаллар, 266тасида ишсиз фуқаролар истиқомат қилади. Яна 5та оила беш ва ундан кўпроқ фарзандни вояга етказмоқда.

Дастлаб туманнинг Комолон дарвоза маҳалласида бўлиб, маҳалладаги ёрдамга муҳтож фуқаролар билан суҳбатлашдик. Карантин даврида даромади узилган, қийналиб қолган фуқаролар давлат томонидан тарқатилган пул маблағларини олгани, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам берилганини таъкидлашди. Aлбатта, қийин молиявий шароитда бу ёрдам пуллари уларга кутилмаган хурсандчилик олиб келганини ҳам айтиш жоиз.

Маълум қилишларича, Комолон дарвоза маҳалласида 856та оила бўлиб, 4780 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 76 нафар ёрдамга муҳтож оилага нақд пул кўринишида 1 млн 200 минг сўмлик пул маблағлари тарқатилган.

Шунингдек, туманнинг Янгиобод маҳалласида ҳам бўлдик. Ушбу маҳаллада ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга рўйхат асосида ёрдам пуллари тарқатилган.

Ёрдам пулларини олган бир нечта оилалар хонадонига бориб, улар билан суҳбатлашдик, ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилалар эканига гувоҳ бўлдик. Бирида боқувчиси йўқ, бири кўп фарзандли, бирида эса ногиронлиги бўлган оила аъзоси бор. Улар тарқатилган пул маблағларини олганидан мамнун эканликларини яширишмади.

Янгиобод маҳалласида жами 6341 нафар фуқаро истиқомат қилади. Улар 1220та оилани ташкил этади. Маҳалладаги 70 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилага ҳукумат томонидан ажратилган 1 млн 200 минг сўмлик бир марталик пул маблағлари тарқатилган.

Яшнобод тумани

Кейинги манзилимиз пойтахтнинг Яшнобод туманидаги маҳаллалар бўлди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Яшнабод туман бўлимининг маълум қилишича, қарорга асосан «Темир дафтар»га ҳар бир сектор раҳбари томонидан муҳтож 3095та оилага ажратилган 3 млрд 714 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳар бир оилага 1 млн 200 минг сўмдан тарқатилган.

Дастлаб туманнинг Гулзор маҳалласидаги ёрдам пулларини олган ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар билан суҳбатлашдик.

5 нафар фарзанднинг бирида ногиронлиги бўлган онахоннинг айтишича, карантин даврида ишсиз қолиб қийналган. Бир марталик ёрдам пули эса уларга анча ёрдам бўлган. Ишсиз қолганидан сўнг маҳаллага жамоатчи бўлиб ишга кирган. Бу ёрдам пулидан улар жуда мамнун бўлишганини яширмади. Шунингдек, онахон ёрдам пулидан ташқари, карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларини олиб турганини ҳам айтиб ўтди.

«Гулзор» МФЙда 4,5 мингдан зиёд фуқаро истиқомат қилади. Бир марталик ёрдам пуллари маҳалладаги 16та оилага берилган.

Ёрдам пуллари олган фуқаролар рўйхати маҳалла жойлашган бинога осиб қўйилган бўлиб, фуқаролар бу пуллар кимларга берилгани ҳақида маълумот олиши мумкин.

Туманнинг «Олмос» МФЙ 2200та оиладан ташкил топган бўлиб, маҳаллада 9800 нафар фуқаро истиқомат қилади, улардан 53таси «Темир дафтар»га киритилган бўлиб, бир марталик ёрдам пуллари берилган.

Top