22:13 / 17.08.2020
3659
Трампнинг сайловчилар орасида рейтинги ошгани маълум бўлди
Фото: AFP/Nicholas Kamm

АҚШ президенти Дональд Трамп сайловчилар орасида қўллаб-қувватланиш рейтингида президент сайловлари бўйича асосий рақиби Жо Байдендан ортда қолишини қисқартирди. Бундан CNN телекомпанияси буюртмасига кўра SSRS хизмати 12-15 август кунлари ўтказган сўровнома натижалари дарак бермоқда

Сўровнома телефон орқали ўтказилган ва унда мингдан кўпроқ америкалик иштирок этган. Улардан президент сайловлари ҳозир бўлиб ўтганда, қайси сиёсатчини қўллаб-қувватлашлари сўралган. Аниқланишича, Байденга респондентларнинг 50 фоизи, Трампга эса 46 фоизи овоз беришга тайёрлигини билдирган. Июнь бошида эса Байденга 55 фоиз респондентлар, Трампга эса 41 фоиз респондентлар овоз беришларини айтишганди.

CNN маълумотларига кўра, президент сайловлари натижаларига энг кўп таъсир кўрсатувчи 15 та штатда Байденнинг рейтинги 49 фоизни, Трампники 48 фоизни ташкил қилмоқда. 

17 августда Милуокида (Висконсин штат) демократларнинг сайловолди қурултойи бўлиб ўтади. Унда Байден Демократлар партиясидан президент сайловларига номзод сифатида эълон қилинади. Республикачиларнинг худди шундай қурултойи 21-24 август кунлари Шарлотт шаҳрида (Шимолий Каролина штати) бўлиб ўтади. Унда Трамп республикачилардан номзод бўлишга розилигини эълон қилади.

АҚШ президенти сайловлари 3 ноябрда бўлиб ўтади.

Top