02:59 / 09.10.2020
19032
Мишустин Ереванга бормоқда. Путин Арманистон ва Озарбойжон ТИВ раҳбарларини Москвага таклиф қилди
Фото: РИА "Новости"

Россия бош вазири Михаил Мишустин 9 октябрь куни Ереванга боради. Бу ҳақда Россия ҳукуматининг ахборот хизматига асосланиб Gazeta.ru ёзмоқда.

Манбада айтилишича, Мишустин Арманистон пойтахтига Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилишида қатнашиш учун боради. 8 октябрь куни Россия ҳукумат раҳбари Озарбойжон бош вазири Али Асадов билан телефонда гаплашганди. Мишустиннинг ташрифи Қорабоғдаги воқеаларга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги айтилмаган.

Қорабоғдаги воқеалар ҳақида муносабат билдира бошлаган Владимир Путин Арманистон ҳамда Озарбойжон вакилларини Москвага таклиф қилди. Бу ҳақда Кремль расмий сайтида хабар берилди. Манбада айтилишича, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан ўтказган серияли телефон суҳбатларидан сўнг Владимир Путин ҳар икки мамлакат ташқи ишлар вазирларини маслаҳатлашиш учун 9 октябрь куни Москвага таклиф қилган.

Кремль сайтида айтилишича, Путин ҳар икки томон вафот этганларнинг жасадлари ва асирларни алмашиш учун ўт очишни тўхтатиши кераклигини таъкидлаган.

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида 27 сентябрдан буён қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. Ҳар икки томон уруш бошланишида бир-бирини айбламоқда. Арманистон томони ён бериши мумкинлиги ҳақида маълум қилган, Илҳом Алиев эса музокара учун Озарбойжоннинг шартини айтганди.

Top