12:27 / 20.10.2020
6617
Россия армиясидан 100 минг киши қисқартирилиши мумкин
Фото: Артем Геодакян /ТАСС

Россия Федерацияси Молия вазирлиги Хавфсизлик кенгашига мамлакат бюджетини барқарорлаштириш мақсадида қуролли кучларни ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа киритди. Бу ҳақда “Известия” журнали ўзидаги лойиҳа нусхасига таяниб хабар берган. Шунингдек, нашрнинг Россия Мудофаа вазирлигидаги манбаси ҳам Молия вазирлигидан шундай таклиф берилганини тасдиқлаган.

Таклиф қилинган лойиҳанинг биринчи пунктида ҳарбий хизматчилар сонини 10 фоизга қисқартириш ҳақида гап боради. Россия президентининг 2018 йилда қабул қилган тегишли фармонига мувофиқ Қуролли кучлар сони 1 миллион кишидан бирозгина кўпроқ белгилангани ҳисобга олинса, ушбу лойиҳада гап армиядан 100 минг ҳарбийни қисқартириш устида бораётгани тушунилади.

Маълум қилинишича, Қуролли кучлардаги штат қисқартиришлари жанговар ҳаракатларни бажарувчилар ҳисобига эмас, балки фуқаролик хизматига ўтказиш имкони бўлган ҳарбий шифокорлар, юристлар, молиячилар, ўқитувчилар ва бошқа маиший хизматчилар ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, Молия вазирлиги шартнома асосидаги ҳарбийларни фақатгина жанговар навбатчилик ва дала машғулотлари вақтида озиқ-овқат билан таъминлашни таклиф қилмоқда.

Бундан ташқари, вазирлик нафақага чиқиш учун хизмат муддатини 25 йилга узайтириш ҳамда ҳарбийларнинг нафақаларини йиллик инфляциядан 2 фоиз ортиқроқ ҳисоблашни бекор қилмоқчи. Молиячилар ҳарбий-ипотека ҳисоби очилиши учун ҳам хизмат муддатини 5 йил узайтиришни таклиф қилган.

Стратегик таҳлил маркази директори Игор Николаевнинг фикрича, Қуролли кучларда 10 фоиз штат қисқартирилишининг деярли таъсири билинмайди, чунки кўплаб раҳбарлар инқирозли вазиятлар учун тахминан шунча миқдордаги бўш жойларни ушлаб туришади.

Лекин, ҳарбий эксперт Владислав Шуригиннинг билдиришича, ҳарбийларга кунлик сарфланаётган пуллар харажатларнинг асосий қисмини ташкил қилмади: «Армияда ўртача ойлик иш ҳақи 40-50 минг рубль [600 АҚШ доллари] атрофида. Агар уни 100 минг кишига кўпайтирсак иқтисодиётга йилига 5 миллиард рубль фойда келтиради. Бу қисқартириш эса армиянинг жанговар тайёргарлигига салбий таъсир қилиши мумкин», –дейди Шуригин.

Россия Молия вазирлиги, шунингдек аввалги ҳафтада Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар киритган. «Коммерсантъ» нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, ҳозирда Россия ички ишлар вазирлиги молиячиларга ўзининг раддиясини тайёрламоқда.

Top