15:34 / 27.11.2020
26725
Ўзбекистонда камералар ва жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар сони маълум қилинди

2020 йил 27 ноябр куни Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита йиғилишида ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромовнинг “2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилмоқда.

Парламент сайтида ёзилишича, бугунги кунда мамлакат ҳудудида 42 869 км узунликдаги йўллар мавжуд. Шундан халқаро аҳамиятдаги йўллар 3 993 км, давлат аҳамиятидаги йўллар 14 203 км ва маҳаллий аҳамиятдаги йўллар 24 673 км.ни ташкил қилади.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2020 йил 1 октябр ҳолатига жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари сони 3 083 849тани ташкил қилади. Шундан энг кўп автотранспорт воситалари сони Тошкент шаҳри (487 507та), Самарқанд вилояти (366 558та) ҳамда Тошкент вилояти (299 801та) ҳудудларига тўғри келмоқда.

Ахборотда қайд этилганидек, республикадаги йўл патрул хизмат масканларида давлат рақамини аниқловчи камералар 91та, кузатув камералари 95та, онлайн режимда ишловчи фоторадарлар 183та, чорраҳалардаги қоидабузарликни аниқловчи камералар 386та, кузатув камералари эса 1154тани ташкил қилади.

Тадбирда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш йўналиши бўйича ҳам батафсил ахборот берилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан 182 010та давлат рақами берилган. Шундан 157 274таси умумий тартибда, 24 463таси оширилган нархда – аукцион орқали ҳамда 273таси харидоргир, яъни буюртма асосида берилган. Давлат бюджетига 2020 йилнинг 9 ойи давомида 196,7 млрд сўм маблағ туширилган.

Шунингдек, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 27 116та жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларига рухсатнома берилган. 

Республика бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида 2 092 847та транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилган. Шундан 600 700таси техник ҳолати белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермагани сабабли аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар фойдаланиш учун тақиқланган.

Top