23:39 / 29.11.2020
5208
АҚШда Hyundai’га 54 миллион доллар жарима солинди

АҚШда Hyundai Motor концерни нуқсонли моторларга эга 1,5 млнта автомобилни етказгани учун 54 млн доллар жаримага тортилди.  

Фото: Hyundai

АҚШнинг Йўлларда ҳаракат хавфсизлиги миллий бошқармаси (NHTSA) Жанубий Корея компаниясининг Theta II двигателларидаги нуқсонни 2017 йилда аниқлаган. Ушбу муаммо оқибатида Hyundai’нинг Sonata, Santa Fe, Tucson моделлари ва Kia’нинг Optima, Sorento, Sportage моделлари, жами 1,5 миллионта машина қайтариб олинган.

Hyundai барча қайтарилган автомобиллардаги носоз двигателларни бепул алмаштириб беришига тўғри келган ва бу жараён эндигина якунланди. Hyundai нуқсонни бартараф этиш харажатлари ва машина эгаларига компенсация тўловларидан ташқари, 54 млн доллар жарима тўлаши ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун 40 млн доллар инвестиция киритиши лозим. 

NHTSA корейс компанияси келишув шартларини бузаётганини аниқласа, унда жарима қиймати 54 млн доллардан 100 млн долларгача ошади.

Умумий ҳисобда двигателлардаги муаммо компанияга 3 млрд долларга айланади. Таҳлилчиларнинг фикрича, акциялар нархи тушиши ва обрўга путур етиши оқибатида зиён 5 млрд долларга етиши мумкин. 

Top