23:41 / 04.12.2020
9614
Фарер оролларида дунёдаги биринчи сув ости йўл ўтказгичи қурилди

Фарер оролларида дунёдаги биринчи сув ости йўл ўтказгичи қурилиши якунланди. Айланма ўтказгич 11 километрлик Eysturoyartunnilin туннелининг бир қисми ҳисобланади. Бир неча кундан кейин ушбу туннелнинг очилиши кутилмоқда.

Фото: Twitter/Marita á Rógvi

Туннел Фарер ороллари пойтахти – Стреймой оролида жойлашган Торсхавн шаҳрини Эстурой оролидаги иккита аҳоли пункти – Рунавик ва Стрендур билан боғлайди. Бунинг эвазига пойтахт ва ушбу аҳоли пунктлари орасидаги йўл 55 кмдан 17 кмгача қисқаради ва ушбу масофани машинада 15 дақиқада босиб ўтиш мумкин бўлади. 

Eysturoyartunnilin туннелини қуриш қарори ороллар парламенти томонидан 2014 йилда қабул қилинган. Лойиҳани амалга ошириш билан Estunlar компанияси шуғулланмоқда. Энг пастки нуқтаси Атлантика океани сиртидан 189 метр чуқурликда жойлашадиган туннелнинг очилиши 19 декабрга белгиланган. Унинг қурилиши 162 млн долларга айланган. Туннел орқали ўтиш пуллик бўлади. 

Фарер оролларида бошқа сув ости туннеллари ҳам бор. 2002 йилда архипелагда Воар ва Стреймой оролларини боғловчи 4,9 кмлик туннел очилган. 2006 йилда эса Борой ва Эстурой ороллари орасидаги 6,2 кмлик туннел фойдаланишга киритилган. Айни вақтда оролларда узунлиги 10,8 кмлик яна бир туннел қурилиши олиб борилмоқда. У Стреймой ва Сандой оролларини боғлайди. Туннелни 2023 йилга очиш режалаштирилган.

Top