16:26 / 11.12.2020
11371
«Аҳолига берилаётган кўмирнинг 60-80 фоизи кукун» – сенатор

Жорий йилда кўмирга бўлган аҳоли эҳтиёжининг 75 фоизи қопланиши кутилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Сенатор Қутбиддин Бурҳонов куз-қиш мавсумида аҳолига кўмир етказиб беришдаги камчиликларни танқид қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Унга кўра, жойларда аҳолига кўмир маҳсулотларини етказиб беришда ҳуқуқбузарликлар кўплаб учрамоқда.

“Куз-қиш мавсумида аҳолига кўмир етказиб бериш бўйича тайёргарлик ишлари қониқарсиз. “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан кон юзаларини очишда қолоқликка йўл қўйилган, қазиб олишнинг самарадорлик даражаси замонавий талабларга мос эмас. Ўсиб бораётган эҳтиёж ҳажми қондирилмаяпти.

Жойларда аҳоли хонадонларига етказиб берилаётган кўмир маҳсулотлари сифатсиз чиққан. Хусусан, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ижтимоий соҳа объектларида олиб борилган ўрганишлар уларга етказилган кўмирнинг сифати пастлиги, маҳсулотнинг 60 фоизидан кўпи кукундан иборатлигини кўрсатди. Натижада, кўмирнинг яхши ёнмаслиги бўйича аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайяпти.

Андижон ва Фарғона вилоятидаги мактабларга берилаётган кўмирларнинг 70-80 фоизи кукундан бошқа нарса эмас. Буни ўз кўзимиз билан кўрдик”, деди Бурҳонов Сенат кенгашининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишида.

Йиғилишда маълум қилинишича, 2020 йилда 14,3 мингта ижтимоий соҳа ташкилотларига 405 минг тонна,  2,7 млн аҳолига 600 минг тонна кўмир етказиш режалаштирилган. Амалда ижтимоий соҳа ташкилотлари эҳтиёжи 100 фоиз, аҳоли эҳтиёжи эса 75 фоизга қопланиши мумкин.

Top